Грузияда “хорижий агент” сифатида рўйхатдан ўтишдан бош тортганларнинг мулки мусодара қилинади
Олам
−
03 Июнь
4012Грузияда қабул қилинган “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга мувофиқ ташкилотларнинг реестрда рўйхатдан ўтишдан бош тортиши уларнинг мол-мулки олиб қўйилиши ва фаолияти тугатилишига олиб келади. Бу ҳақда ҳукмрон “Грузия орзуси – Демократик Грузия” партияси бош котиби, Тбилиси мэри Каха Каладзе маълум қилди.
“Агар ташкилотлар бунга риоя қилмаса, молиявий жазолар қўлланилади. Шундан сўнг, улар ишлай олмайди ёки маблағ ололмайди. Агар улар ҳақиқатдан ҳам ёмон ниятда бўлмаса, Декларацияни тўлдириш ва молиявий ҳисоботни кўрсатишлари лозим”, дейди Каладзе журналистларга.
Бугун, 3 июнь куни Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни имзолади. Парламент раисининг тушунтиришича, Адлия вазирлигига зарур норматив ҳужжатларни тайёрлаш ва ташкилотлар учун электрон портал очиш учун 60 кун муддат берилади. Шундан сўнг ҳужжат қамраб олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари реестрда рўйхатдан ўтиши ва 2023 йил учун молиявий декларацияни эълон қилиши шарт.
Эслатиб ўтамиз, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе Грузия мустақиллик кунига бағишланган тадбирда ушбу қонунга қаршилик кўрсатган мамлакат Президенти Саломе Зурабишвилини хиёнатда айблаганди.
LiveБарчаси