Грузия Бош вазири Президентни давлатга хиёнатда айблади
Олам
−
26 Май
11781Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе мамлакат Президенти Саломе Зурабишвилини хиёнатда айблади. Бу ҳақда у Мустақиллик куни муносабати билан ўтказилган тадбирда сўз очди.
“Халқ ва улар томонидан сайланган ҳукуматнинг ҳамжиҳатлиги, мазмунли қадамлари бизга ўтган икки йил давомида мавжуд таҳдидлар ва турли хиёнатларга, жумладан, президентнинг хиёнатига қарамай, юрт тинчлигини сақлаш имкониятини берди. Грузиянинг яқин тарихи ва замонавий дунёдаги жараёнлар суверенитет мамлакат хавфсизлигининг энг самарали кафолати эканлигини, айниқса, яққол кўрсатди”, дейди Кобахидзе.
Бош вазир таъкидлашича, ҳозир Грузия учун ўз давлат мустақиллигини ҳимоя қилиш, айниқса, муҳим.
"Бугун биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бир-биримизга ғамхўрлик қилишимиз ва нафратни енгишимиз керак, чунки фақат севги билан биз душманлик билан вайрон қилинган нарсани қуришимиз мумкин", дейди у.
Ўз навбатида, Зурабишвили ҳарбий хизматчилар ва Грузия раҳбарияти вакиллари билан гаплашар экан, мамлакат расмийларининг ҳаракатларини танқид қилди. У яна бир бор октябрь ойида бўлиб ўтадиган парламент сайловлари мамлакатнинг Европа ёки россияпарастлик йўналишини белгилашини такрорлади.
Грузия 26 май куни Мустақиллик кунини нишонлайди. Эрталаб республиканинг барча шаҳарларида тантанали тадбирлар бўлиб ўтади. Шу куни 400 дан ортиқ аскар қасамёд қилиб, Грузия армияси сафига расман кирди. Қасамёд маросими, Тбилисидан ташқари, Грузиянинг турли тарихий жойларида параллел равишда бўлиб ўтди. Грузия Мустақиллик куни ҳар йили 26 майда нишонланадиган миллий байрамдир. 1918 йилнинг шу куни Россия империясидан ажралиб чиққан Грузия Демократик Республикаси эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини парламентда кўриб чиқиш бошлангани сабаб Грузияда кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтмоқда. Парламент қонун лойиҳасини уч ўқишдаям маъқуллаб, уни тасдиқлаш учун Президентга юборди. Президент эса унга вето қўйди. 27 май куни Грузия парламенти Президент Саломе Зурабишвилининг “хорижий агентлар” тўғрисидаги илгари қабул қилинган қонун лойиҳасига қўйган ветосини бекор қилиш тартиб-тамойилини бошлаш ниятида.
LiveБарчаси