Грузия эҳтимолий ядро урушига тайёрланмоқда
Олам
−
21 Октябрь 2023
7828Грузия ҳукумати минтақада ядро қуролининг қўлланилиши эҳтимолини инобатга олиб, тайёргарлик чораларини кўрмоқда. Бу ҳақда “Interpress News” республика Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари Григол Лилуашвилига таяниб хабар берди.
"Ҳозирги муаммолар минтақада ядро қуролидан фойдаланишни истисно этмайди, шунинг учун биз эҳтиёткор ва оқилона сиёсат юритишимиз керак. Бу чақириқлар Грузия ҳукуматини ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда мўътадил, прагматик сиёсат юритишга мажбур қилмоқда", дейди Лилуашвили.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати ядро уруши юзага келган тақдирда махсус режа ишлаб чиққан. Ушбу режага мувофиқ ҳар бир бўлим учун сценарий, ҳаракатлар режаси мавжуд бўлиб, унга мувофиқ ҳаракат қилинади.
“Бундан ташқари, расмийлар бошпаналарни жойлаштириш бўйича қарор қабул қилишди. Режани ишлаб чиқишда ҳукумат, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ваколатли идоралар иштирок этди”, дейди хизмат раҳбари.
Маълумот учун, АҚШ (1945 йилдан), Россия (1949 йилдан), Буюк Британия (1952 йилдан), Франция (1960 йилдан), Хитой (1964 йилдан), Ҳиндистон (1974 йилдан), Покистон (1998 йилдан), КХДР (2006 йилдан) ядро қуролига эга мамлакатлар бўлиб, улар Ядро клубига аъзо. Ушбу клубнинг норасмий аъзоси Исроил ҳисобланади.
LiveБарчаси