Green Card: ютқазганларда ҳам имкон борми?
Фойдали
−
04 Май
13802Бир неча соатлардан сўнг Америка учун очиладиган энг машҳур эшиклардан бири Green Card лотерея ўйинининг жавоблари эълон қилинади. Кимдир “Америка орзуси”га эришади, яна кимнингдир эса бироз омади юришмайди ва келаси йили яна бир ҳаракат қилиб кўришни ният қилади. Аммо Green Card ўз номи билан лотореядир. Бу агар омадингиз юришмаса, бир умр ўйнасангиз ҳам ютолмаслигингизни англатади. Шунингдек, бугун ғолиб бўлганларнинг ҳаммаси ҳам текшириш жараёнларининг охиригача боролмайди. Сизга бугун рад жавоби келса, ёки элчихонадан қайтсангиз, хафа бўлишга шошилманг, сизда ҳали Америкага кетиш имкони бор. Бугун Green Card ҳақида гаплашамиз!
Хўш, лоторея натижаларини қаерда текшириш мумкин?
Ҳар бир иштирокчи Америкага "олтин чипта"ни ютганми ёки йўқми, мустақил равишда аниқлаши мумкин. Сиз мақомингизни АҚШ Давлат департаменти веб-сайтининг махсус бўлимида https://dvprogram.state.gov манзили орқали текширишингиз мумкин.
Сайт ҳаволасига киргандан сўнг "Статусни текшириш" тугмасини босасиз. Текшириш учун лотерея иштирокчисининг тасдиқлаш рақамини киритишингиз керак, шунингдек очилган ойнада аризачининг фамилияси ва туғилган йилини кўрсатишингиз керак.
Агар сиз бошқа ташкилотлар орқали ариза жўнатган бўлсангиз ҳам шу усул орқали текширасиз. Чунки бу лотерея натижалари ҳақида билишнинг ягона йўли. Давлат департаменти сизга электрон почта ёки оддий хат юбормайди. Агар буни ўзингиз текшира олмасангиз, аризангизни топширган компанияларнинг хизматларидан фойдаланишингиз мумкин.
Шунингдек, агар тасдиқлаш рақамингизни йўқотиб қўйган бўлсангиз, Лотереяда иштирок этиш ҳолатини текшириш электрон тизимининг веб-сайтида тасдиқлаш рақамингизни тиклашингиз мумкин.
Аммо огоҳ бўлинг! Агар аризангиз лотереяда ютгани ҳақида электрон почта хабарномасини олсангиз, бу 99,9 фоиз алдов бўлиши мумкин. Фирибгарлар сиздан ҳисоб рақамига пул ўтказишни сўрайди. Шуни эсда тутиш керакки, расмий муассаса ҳеч қачон пул ўтказмаларини амалга оширишни талаб қилмайди. Сиз фақат Давлат департаментидан ўз ҳолатингизни текширишингиз мумкинлигини эслатувчи электрон хат олишингиз мумкин.
Хўп, сиз ғолиб бўлдингиз ҳам дейлик, бу тезда нарсаларингизни йиғиб, тўғри Америкага кетишингизни англатадими? Йўқ. Шуни тушуниш керакки, Green Card’ни ютганлик тўғрисида билдиришнома олиш ариза берувчиларга виза олиш кафолатини бермайди. Қўшма Штатларга бориш учун ютган одам иммиграцион визага даъвогарлар учун барча талабларга жавоб бериши керак.
Ҳар йили лотерея иштирокчиларининг 1 фоиздан камроғи яшил визага мурожаат қилиш учун танланади, яъни ғолиб деб топилади. Аммо танланган 80 000–100 000 ғолибдан фақат 50 000 га яқини виза олади. Хўш, нима учун дастур минглаб одамларга виза бермайди? Ва бундан ҳам муҳими, бундай рад этишга қандай эътироз билдириш мумкин?
Лотереяни рад этишнинг энг кенг тарқалган сабаблари бу қатнашчида зарур малаканинг йўқлиги, лотерея кўрсатмаларига риоя қилмаслик, ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги ёки сохта ҳужжат тақдим этганликдир.
Ҳужжатларни топшираётганда сиз ютганингиздан сўнг, улар консуллик ходими томонидан текширилишини ҳисобга олишингиз керак. Консул аризачининг ҳужжатлари (масалан, дипломи) ёки муносабатларнинг ҳақиқийлигини, яъни ота-оналик ва никоҳни текширади.
Шунингдек, агар АҚШ давлат агентлиги хавфсизлик, жиноятчилик ёки бошқа турдаги текширувларни ўтказса, ғолиблар визани ололмай қолиши мумкин. Чунки Green Card ғолибларига виза 30 сентябргача берилиши керак. Акс ҳолда, "ютуқли лотерея чиптаси" ўз кучини йўқотади. Аммо агентликнинг текшируви бундан кўп вақт олиши мумкин. Ҳар йили фирибгарлик даражаси юқори бўлган мамлакатларда яшовчи шахслар 221(г) бўлим ва 30-сентябрнинг охирги муддати қурбони бўлиб, консуллик мансабдор шахсларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёни узоқ давом этгани сабабли омадли ютуқдан айрилади. Суҳбат август ёки сентябрь ойларига тўғри келган қатнашчилар, шунингдек, Яқин Шарқдаги мусулмон эркаклар хавфсизлик юзасидан кучли текширувдан ўтади.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, ғолибдан бирор соҳада камида 2 йиллик таълим ёки тажриба талаб қилинади. Консуллик ҳатто талаб қилинадиган курсларда чиндан қатнашганингизни текшириш учун тест ўтказишга қарор қилиши ҳам мумкин. Агар иштирокчи тестдан ўтолмаса, бу виза беришни рад этишга олиб келади.
Бундан ташқари, консул сохта ҳужжатлар тақдим этган кандидатларни доимий равишда қабул қилинмаслик тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Бу сиз яшил лотореяда қатнашишдан бутун умрга маҳрум бўлишингизни англатади.
Шунингдек, қуйидаги иштирокчиларнинг рад этилиш коэффициенти бироз баланд. Булар:
- ёши 50 дан каттароқ ғолиблар;
- чекланган мулкка эга бўлган шахслар;
- инглиз тилини билмайдиганлар;
- чекланган иш тажрибасига эга бўлганлар;
- АҚШда қариндошлари ёки ҳомийси бўлмаганлар;
- АҚШда иш таклифи бўлмаганлар.
Агар сизга ҳужжатлар сабаб рад этилганлик ҳақида хабар келса, аммо сиз юқоридаги талабларнинг барчасига жавоб берсангиз, консулликка шикоят аризасини ёзишингиз мумкин.
Ғолиб бўлганлар ҳақида гаплашдик. Аммо рад жавоби олганлар-чи? Агар шундай бўлса, умидингизни узишга шошилманг. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳар йили минглаб ғолиблар Америкага боришдан аввал баъзи асосларга кўра рад этилади. Шундай вазиятда АҚШ Давлат департаменти бироз вақтдан сўнг, яна омадли ғолиблар ва эҳтимолий Green Card эгаларини танлаши мумкин. Шунинг учун, агар сиз бугун танланмаганлигингиз ҳақида билдиришнома олсангиз ҳам, натижангизни кейинроқ қайта текшириб кўринг – маълумотлар ўзгариши мумкин. Текшириш учун сиз лотереяда рўйхатдан ўтганингиздан сўнг берилган тасдиқлаш рақамингизни веб-сайтга киритишингиз керак. Агар очилган саҳифада штрих-код ва маълумотларингиз бўлган хатни кўрсангиз, сиз ғолиб бўлгансиз.
Аммо бу имконият ҳам насиб қилмаса, шаштингизни туширманг. Чунки дастурда ҳар йили бутун дунёдан 14 миллионга яқин одам қатнашади. Шунингдек, унутмаслигингиз керакки, Green Card сизга Америкада қонуний яшаш ҳуқуқинигина берадиган лотореядир. Сиз у ерда ишлаб пул топишингиз ва харажатларингизни ўзингиз қоплашингиз керак. Шунга қарамай, Ўзбекистон 2023 йилги рейтингга кўра, Green Card орқали АҚШ визасини олиш бўйича дунёда 7-ўринда туради.