Гоогоош Трампга ёрдам сўраб мурожаат қилди
Олам
−
20 Январь 28079 3 дақиқа
АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида яшаб келаётган форс ретро юлдузи Гоогоош Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга хат ёзиб, ундан шаҳзода Ризо Паҳлавий билан ҳамкорлик қилиш ва Эроннинг амалдаги ҳукуматига қарши кескин чора кўришни сўради. У ўз мактуби илова қилинган постни ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлади.
Хонанда Оқ уй раҳбарига амалдаги Эрон режими томонидан бир вақтлар ўз овозидан маҳрум этилган эронлик санъаткор сифатида мурожаат қилиб, Эрон халқи Али Хоманаий раҳнамолигидаги режим томонидан қирғин қилинаётганини қайд этган.
Унинг ишончли манбаларга таяниб берган маълумотига кўра, Эрондаги намойишлар фонида атиги бир неча кун ичида 12 мингдан 20 минггача инсон ҳаётдан кўз юмган. Гоогоош Трампдан Эрон халқи билан бир сафда туриш, шаҳзода Ризо Паҳлавий билан ҳамкорлик қилиш ва Эрондаги режимга қарши шошилинч ҳамда қатъий чоралар кўришни сўраган.
.jpg)
“Қирқ етти йил давомида бу режим фаровонлик ўрнига урушни, ҳаёт ўрнига мафкурани танлаб келди. Шифохоналар вайрон бўлаётган бир пайтда улар “Америкага ўлим” деб ҳайқирди. Мактаблар қуриш ўрнига америкаликларни гаровга олди. Эрон дарёлари қуриб борар, иқтисодиёт эса қулар экан, улар “Исроилга ўлим” деб қичқирди. Миллиардлаб маблағлар ракеталар, “Ҳизбуллоҳ” ва хориждаги прокси кучларга сарфланди, эронликлар эса қашшоқлик, электр узилишлари, сув танқислиги, цензура, қамоқлар ва оммавий муҳожирликка маҳкум этилди”, дея давом этган у.
Санъаткорнинг қўшимча қилишича, бугун Эрон ичида ҳимоясиз қолган одамлар Трампга умид билан мурожаат қилмоқда, “инсониятга қарши давом этаётган жиноятлар қаршисида ёрдам сўраб фарёд чекмоқда”.
“Жаноб Президент, умид қиламанки, сиз менинг халқимга ёрдам қўлини чўзасиз ва сўнгги 50 йил ичида Америка Қўшма Штатлари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб Эрон халқи томонида қатъий турасиз. Шу орқали бир вақтлар икки халқ ўртасида мавжуд бўлган тарихий муносабатларни қайта тиклашга ҳисса қўшасиз”, деган у.
Эронда норозилик намойишлари
Эронда норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрь куни Теҳрондаги тарихий “Гранд-базар” бозорида авж олди. Дўкон эгалари миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан кескин қадрсизланиши ва иқтисодий қийинчиликлар ортиб бораётгани сабабли норозилик намойишларини бошлади. Намойишлар тезда мамлакатнинг кўплаб шаҳарларига тарқалди.
8 январь куни Теҳронда норозилик намойишлари кескинлашди. Тартибсизликлар давомида намойишчилар (жумладан, турли гуруҳлар) кўплаб объектлар – кўплаб автобуслар ва тез ёрдам машиналари, ўнлаб турар-жой бинолари, банклар, масжидлар, шифохоналар, шунингдек, бошқа давлат ва жамоат биноларига ўт қўйиб, вайрон қилган. Норозилик намойишлари кучайганидан сўнг Эрон ҳукумати интернетга кириш бўйича умуммиллий чеклов жорий қилди.
Эрондаги намойишлар тўлқини пасайган бўлса-да, HRANA маълумотларни янгилашда давом этмоқда, янги тасдиқланган ҳолатларни қайд этмоқда ва ҳалок бўлганлар ва ҳибсга олинганлар сони ҳақидаги маълумотларни изчил ошириб бормоқда.
Эрон расмийлари ҳозиргача тартибсизликлар чоғида ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони бўйича расмий статистикани эълон қилмаган. Шу билан бирга, аввалроқ Теҳронда расмий тузилмалар террорчилик ташкилотлари аъзолари ёки норозилик намойишларини ташкил этиш ва кучайтиришга алоқадор бўлган иғвогарлар деб атаган уч мингга яқин киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий 17 январь куни норозилик намойишлари чоғида Исроил ва АҚШ билан боғлиқ шахслар мамлакатга катта зарар етказгани ва бир неча минг кишининг ўлимига сабаб бўлганини айтди.
Live
Барчаси