Google ва Meta канадаликларга янгиликлар хизматини чекламоқчи
Технология
−
23 Июнь 2023
4225Meta ўзининг Instagram ва Facebook платформаларида канадалик обуначилар учун янгиликларни чеклашни бошлайди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Канада парламенти мунозарали “Онлайн янгиликлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилгандан кейин компания шу қарорга келган. Гап шундаки, Қонун лойиҳаси йирик платформаларни ўз сайтларида жойлаштирилган янгилик контенти учун компенсация тўлашга мажбур қилади.
Бу борада Meta компанияси ёлғиз эмас. Google ҳам аллақачон баъзи канадаликлар учун янгиликларга киришни чеклашни синаб кўрган.
Кеча, 22 июнь куни Канаданинг “Онлайн янгиликлар тўғрисида”ги қонуни Сенат томонидан тасдиқланган. Бу қонун Meta ва Google каби платформалардан тижорий битимлар тўғрисида музокаралар олиб боришни ва янгиликлар учун ҳақ тўлашни талаб қилади. Мустақил парламент бюджетини назорат қилиш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, платформалардан йилига тахминан 329 миллион Канада доллари (250 миллион АҚШ доллари) миқдорида фойда олиш мумкин.
Meta қонунни "бизнинг платформаларимиз қандай ишлаши ҳақидаги ҳақиқатларни эътиборсиз қолдирадиган нотўғри қонунчилик" деб атади ва Канададаги барча фойдаланувчилар учун Facebook ва Instagram'даги янгиликлар хизмати қонун лойиҳаси кучга киргунга қадар тугатилишини айтди. Ушбу қонун Канадада 6 ой ичида кучга кириши кутилмоқда.
"Биз жойлаштирмайдиган ҳаволалар ёки контент учун бизни пул тўлашга мажбур қиладиган ва платформаларимизга кўп обуначиларни жалб қилмайдиган қонунчилик базаси биз учун фойдали эмас", деди Meta вакили.
Компания янгиликларга киритилган ўзгаришлар канадалик фойдаланувчилар учун бошқа хизматларга таъсир қилмаслигини айтди.
Google эса қонун лойиҳасининг бу кўринишида ишлаб бўлмаслигини ва ҳукумат билан келишиш учун йўл қидираётганини билдирди.
Маълумот учун, 2021 йилда австралиялик фойдаланувчиларга худди шундай қонунга жавобан Facebook'да янгиликларни алмашиш ёки кўриш тақиқланган эди.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь