Google Ҳинд океанидаги кичик оролда СИ дата марказ қурмоқчи
Олам
−
06 Ноябрь 1919 1 дақиқа
Google Австралиянинг Ҳинд океанидаги кичик ороли – Рождество оролида (Christmas Island) кучли сунъий интеллект дата марказини қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ҳукумат ҳужжатлари ва расмийлар билан суҳбатларга асосланиб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Google жорий йил бошида Австралия Мудофаа вазирлиги билан тузган “cloud” ҳамкорлик шартномасидан сўнг ушбу лойиҳа устида иш бошлаган.
Орол Индонезиядан 350 км жанубда жойлашган бўлиб, марказ қурилиши ҳақидаги режалар аввал оммага маълум қилинмаган. Ҳозирча унинг аниқ ҳажми, баҳоси ва фойдаланиш мақсадлари махфий сақланмоқда.
Ҳарбий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу объект стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлади. Рождество ороли сўнгги йилларда Австралия мудофаа тизими учун Хитой субмарин ва денгиз фаолиятини кузатишда муҳим нуқта сифатида кўрила бошлаган.
“Reuters”нинг ёзишича, Google орол аэропорти яқинида ер участкаси ижараси бўйича музокараларни якуний босқичга етказган. Шунингдек, компания маҳаллий кончилик фирмаси билан объектнинг энергия таъминоти бўйича битим тузмоқда.
Google’нинг бош компанияси – Alphabet Inc – изоҳ беришдан бош тортган. Австралия Мудофаа вазирлиги ҳам бу масала юзасидан шарҳ бермаган.
Live
Барчаси