Гонконгдаги ёнғин ортидан 13 киши ҳибсга олинди

Олам

image

Гонконг расмийлари кеча, 1 декабрь куни шаҳардаги сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик ёнғин фожиаси юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида 13 киши қасддан одам ўлдиришда гумонланиб, ҳибсга олинганини маълум қилди. Терговчиларнинг айтишича, ёнғиннинг бу қадар кучайишига қурилишда қўлланилган паст сифатли материаллар сабаб бўлган. Фожиада 151 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Полиция фавқулодда ҳолат содир бўлган Wang Fuk Court мажмуасидаги куйган еттита тураржой минораларини кўздан кечиришда давом этмоқда. Зинапоялар ва томларда қочишга уринган одамларнинг жасадлари топилгани айтилган. Жами 40 дан ортиқ инсон бедарак йўқолган, деб хабар қилинмоқда.

“Айрим ҳолатларда жасадларни аниқлаштириш қийин бўлиши мумкин”, деди полиция вакили Цзанг Шук-йин журналистларга.

Терговчиларнинг маълум қилишича, ёнғин пайтида бино атрофидаги бамбук тошмаларини ўраган яшил тўрдан олинган намуналар ёнғинга чидамли стандартларга жавоб бермаган. 

“Қурилиш ишларини бажарган пудратчилар бу паст сифатли материалларни текшириш қийин бўлган жойларда ишлатгани айтилмоқда”, деди Бош котиб Эрик Чан.

Расмийларга кўра, қурилишда ишлатилган иссиқлик изоляцияси ҳам ёнғин тарқалишини кучайтирган, шунингдек, мажмуадаги ёнғин сигнализацияси тўлиқ ишламаган.

Фожиадан кейин минглаб одамлар ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат изҳор қилмоқда. Улар орасида Индонезиядан камида тўққиз нафар ва Филиппиндан бир нафар уй хизматчиси ҳам бор. Мотам тутганлар навбати мажмуадан канал бўйлаб бир километрдан ортиқ масофага чўзилган.

Расмийлар айтишича, Токио, Лондон ва Тайпейда ҳам шу ҳафта хотира тадбирлари ўтказилиши кутилмоқда.

Ёнғин хавфи бўйича аввалги огоҳлантиришлар инобатга олинмагани ҳақидаги эътирозлар фонида, Пекин ҳар қандай “Хитойга қарши” намойишларга қарши қатъий чора кўрилишини айтди. Айрим манбаларига кўра, мустақил тергов ўтказиш ва қурилиш назоратини қайта кўриб чиқиш талаб қилинган петицияда иштирок этган камида бир киши икки кунга яқин ушлаб турилган. Полиция бу ҳодиса юзасидан изоҳ беришдан бош тортди.

Гонконг хавфсизлик котиби Крис Танг ҳам 1 декабрь куни бўлган матбуот анжуманида махсус операциялар ҳақида батафсил изоҳ бермади.

“Мен айрим одамлар жамият бошидан кечираётган бу оғир вазиятдан фойдаланиб, Гонконг ва миллий хавфсизликка зарар етказиш ниятида эканини кўрмоқдаман. Шу сабабли, биз зарур чоралар, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш чораларини кўришимиз керак”, деди у.

Энг кўп зарарланган биноларда қидирув ишлари давом этмоқда

Расмийларнинг айтишича, қолдиқлар қидирилаётган бинолар энг катта зарар кўрган бўлиб, қидирув ишлари бир неча ҳафта давом этиши мумкин.

Полиция тарқатган суратларда ҳимоя кийимлари, ниқоб ва шлем кийган ходимлар бир неча кун давом этган ёнғиндан қорайиб кетган деворлар ва кулга айланган жиҳозлар орасида текширув ўтказаётгани, шунингдек, ёнғинни ўчириш учун ишлатилган сувдан чиққан хоналарда юргани акс этган.

1 декабрь куни эрталаб юзлаб полиция ходимлари ёнғиндан зарарланган биноларда қидирув ишларини давом эттириш учун ҳодиса жойига қайтди. Ахолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, мазкур уй-жой мажмуаларида 4 000 дан ортиқ одам яшаган. Қочиб чиққанлар эса ҳозир ҳаётларини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда.

Расмийлар билдиришича, 1 100 дан ортиқ одам эвакуация марказларидан вақтинчалик тураржойларга кўчирилган, яна 680 нафар фуқаро ёшлар хостеллари ва меҳмонхоналарга жойлаштирилган.

Кўплаб аҳоли уйларидан қочиш пайтида шахсий буюмларини ташлаб чиқишга мажбур бўлгани учун, расмийлар ҳар бир оилага 10 000 гонконг доллари (1 284 АҚШ доллари) миқдорида фавқулодда ёрдам пули ажратди. Шунингдек, янги шахсий гувоҳнома, паспорт ва никоҳ гувоҳномаларини расмийлаштиришда алоҳида ёрдам кўрсатилмоқда.

1948 йилдан бери энг оғир ёнғин

Гонконг Меҳнат департаментининг маълумот беришича, Wang Fuk Court мажмуаси аҳолиси ўтган йили таъмирлаш ишлари хавфли эканини айтганидан кейин, расмийлар уларга “ёнғин хавфи нисбатан паст”, деб жавоб берган. Департамент вакилининг айтишича, аҳоли 2024 йил сентябрь ойида пудратчилар ишлатган тўр материалининг осон ёниши мумкинлиги ҳақида ҳам ташвиш билдирган.

Гонконгда 1948 йилдан бери энг ҳалокатли ёнғин содир бўлгани шаҳарни ларзага солди. 1948 йилда омборхонада чиққан ёнғинда 176 киши ҳалок бўлган эди. Бу фожиа шу ҳафта охирига белгиланган қонунчилик сайловлари олдидан юз берди.

29 ноябрь куни полиция 24 ёшли Майлс Кванни ушлаган. У мустақил тергов ўтказиш, эҳтимолий коррупция ҳолатларини текшириш ва қурилиш назоратини қайта кўриб чиқишни талаб қилган петицияни ташкил этган гуруҳ аъзоси экани айтилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Гонконг Wang Fuk Court

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг