Ғиёсов тенглик, Ризаев дахлсизлик дейди. Ўзи нима гап?
Жамият
−
01 Декабрь 2021
8143Бугун, 1 декабрь куни ижтимоий тармоқда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсовнинг депутатлар дахлсизлиги йўл ҳаракати қоидасини бузиш учун сабаб бўла олмаслиги ҳақида айтган гаплари тарқалди. У видеода депутатлар ҳам оддий одам каби йул ҳаракати қоидаларига амал қилмаса, жавобгарликка тортилишини эслатиб қуйган.
Ғиёсовнинг сўзларига кўра, айрим депутатлар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини буза туриб, йўл-патруль хизмати ходимига ўзини дахлсизлигини, депутатлигини “пеш” қилиб ўтиб кетар экан. Ходимлар эса уларга чора кўрмаган.
”Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузган депутатлар халқ билан баробар жавобгарликка тортилади. Депутатлар дахлсизлиги фақатгина тергов жараёни билан боғлиқ бўлган, суд томонидан хал қилинадиган маъмурий ишларда татбиқ этилади. Лекин йўл ҳаракати қоидасини бузган депутатлар ҳамма билан баробар жавобгарликка тортилади ва жаримасини тўлайди”, дейди Шоҳруҳ Ғиёсов.
Таъкидланишича, келгусида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузган депутатларнинг боди камерага тушган тасвирлари жамоатчиликка эълон қилинади (депутат билан боғланган ҳолда).
“Депутатлар ҳам ўз ҳаракатлари учун жамоатчилик олдида ҳисобот беришлари керак”, дейди Ғиёсов.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев Facebook саҳифасида Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовни депутатларга таҳдид қилишда айблади.
“ИИВ матбуоти бошлиғидан жавоб кутаман. Ким “ГАИ”ларга топшириқ бериш ваколатини берган, қайси қонун? Бу ходим ваколатидан чиқмаганми?
Ғиёсовни вазирига шахсан талаб қўяман, бу таҳдид. Ким ҳақида гапиряпман, деб ўйлаяпсизми, масъул вазифадаги одам? “Погон”ни ҳаммаям кўтаролмайди...” дея пост қолдирган Наврўз Ризаев ўзининг Facebook саҳифасида.
Маълумот ўрнида, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида:
“Тегишли палатанинг розилигисиз депутат, сенатор жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас”, деб белгиланган.
“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида:
“Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас”, деб белгиланган.
Қайд этиш керакки, Шоҳруҳ Ғиёсовнинг депутатларни қоидабузарлик учун жавобгарликка тортиш ҳақидаги фикрлари тўғри. Аммо ИИВ ходимлари барчани бирдек кўриб, телефон орқали иш битиришга одатланган баъзи “каттакон”ларни ҳам халқ билан бир қаторда жавобгарликка торта олса, нур устига аъло нур бўларди. Негаки, одамлар Олмалиқдаги ҳолатни жуда яхши эслайди. Жорий йилнинг август ойи бошида ЙПХ инспектори бир қўнғироқ билан қоидани бузган Malibu ҳайдовчисини жазога тортмасдан қўйиб юборганди. Орадан кўп ўтмай, пойтахтда ҳам ЙПХ инспектори бир қўнғироқдан кейин Malibu ҳайдовчисига жарима ёзмасдан қўйиб юборганди.
LiveБарчаси