Гитлернинг ўлими. Жуковнинг Сталинга берган ҳисоботида нима дейилган эди?
Бу қизиқ
−
16 Апрель 2020
34087Россия ҳарбий-тарихий жамияти (РҲТЖ) 1945 йилнинг 3 майида 1-Белоруссия фронти қўмондони маршал Георгий Жуков СССР Қуролли кучлари Бош қўмондони Иосиф Сталинга Учинчи Рейх фюрери Адольф Гитлер ва Рейх вазири Йозеф Геббельснинг ўз жонига қасд этгани тўғрисида берган ҳисоботини эълон қилди. Ушбу ҳисобот совет контрразведка агентлари томонидан мукаммал тайёрланган дейилади хабарда.
Тарихий маълумотларга кўра, Гитлер 1945 йилнинг 30 апрель куни совет қўшинлари томонидан қуршаб олинган Берлин шаҳрида ўз жонига қасд қилади.
Жуковнинг ҳисоботи 3-зарбали армиянинг 79-чи отлиқ корпуси томонидан қўлга олинган Учинчи Рейхнинг юқори лавозимли амалдорларининг гувоҳликларига асосланган.
Ҳужжатда айтилишича, контрразведка агентлари Рейхстаг ҳудудида Геббелснинг шахсий ошпази Вильгельм Ланге ва Рейх вазири гаражининг бошлиғи Шнайдерни ҳибсга олган. Улар Гитлер 30 апрель куни ўз жонига қасд қилганини, аммо қаерда дафн этилганини билмасликларини айтган. Асирлар Геббелс ва унинг рафиқаси 1 май куни Рейхстаг яқинидаги бункерда ўз жонига қасд қилишганини тасдиқлаган.
“Геббельснинг бункерига тушилганда, унинг кабинети олдида, эркак ва аёлнинг куйган мурдалари топилди. Ланге ва Шнайдер дарҳол жасадлар Геббельс ва унинг рафиқасига тегишли эканлигини айтди. Қўшимча тарзда Пропаганда вазирлигида 4 йил ишлаган “Белоруссия қўмитасининг бош котиби” Барткевич чақиртирилди. У ҳам мурдалар Геббельс ва унинг рафиқасига тааллуқли эканлигини тасдиқлади. Жасадлардан ҳеч қандай ҳужжатлар топилмади, аммо Геббельснинг кабинетида муҳрланган турли хил ҳужжатлар сақланган папкалар топилди”, деб ёзади Жуков.
Олинган маълумотларни тасдиқлаш учун 3 май куни эрталаб “жасадларни қўлга олинган беш генералга топшириш, уларнинг гувоҳлигини ҳужжатлаштириш, жасадларни суратга олиш, бункердаги вазиятни батафсил ўрганиш ва жасадларнинг ёниб кетиш сабабини аниқлаш тўғрисида буйруқ берилди”, деб қўшимча қилган маршал.
Бундан ташқари, Жуковнинг сўзларига кўра, “айни пайтда Гитлернинг яшаш жойини аниқлаш ва Гитлернинг ўз жонига қасд қилиш тўғрисидаги барча маълумотларни батафсил ўрганиш бўйича чоралар кўрилган”.
Эълон қилинган ҳисобот Қизил армия томонидан Берлинга стратегик ҳужум операцияси бошланишининг 75 йиллиги муносабати билан тақдим этилган ва ўз ичига воқеаларнинг батафсил ривожини олган ноёб ҳужжатлар тўпламига киритилган.