АҚШ нега Украинани Исроил каби ҳимоя қила олмаслигини тушунтирди

Олам

image

АҚШ Давлат департаменти нега Вашингтон Украинани Исроил каби ҳимоя қила олмаслигини тушунтирди. Бу ҳақда департамент вакили Мэтью Миллер баёнот берди.
 
Унинг айтишича, Қўшма Штатлар Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳимоясига ололмайди, чунки у Россия билан қуролли тўқнашув ҳолатида эмас ва бунинг содир бўлишини истамайди.

"Биз Учинчи жаҳон урушини хоҳламаймиз", дейди Миллер.

Аввалроқ Украина расмийлари, жумладан, Президент Владимир Зеленский нега Қўшма Штатлар Исроилга Эрон ҳужумини тўхтатишда ёрдам бера оладию, лекин Украина учун ҳам шундай қила олмайди, деган саволни ўртага ташлаган эди.

"Биз Украина осмонида АҚШ самолётлари Россия ҳужумларига қарши туриши талаб қилинадиган Россия билан қуролли тўқнашувда эмасмиз ва биз Россия билан тўғридан-тўғри қуролли можарога киришмоқчи ҳам эмасмиз. Қўшма Штатлар Президенти буни жуда аниқ айтди. Ўйлайманки, бизнинг АҚШ ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри қуролли тўқнашувга киришмаслигимиз Америка халқининг манфаатларига мос келади, чунки биз Учинчи жаҳон урушини хоҳламаймиз”, дейди Миллер.

Шунга қарамай, Миллер Қўшма Штатлар Украина мудофаасига тўлиқ содиқ қолишини урғулади.

“Биз буни охирги икки йил давомида исботладик. Президент буни Америка қўллаб-қувватлови билан исботлади. Агар сиз яна нима қилиш мумкинлигини сўрасангиз, бу саволни АҚШ Конгрессига бериш керак, чунки бизда Украинани кўпроқ жиҳозлар, шу жумладан ҳаво мудофааси тизимлари билан таъминлашга имкон берадиган қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси мавжуд. Умид қиламизки, бу қонун лойиҳаси қабул қилинади”, дея қўшимча қилди Миллер.

Давлат департаменти вакилининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар "Украина ва Исроил билан мутлақо бошқача муносабатларга эга".

“Бизнинг Исроил билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимиз ўнлаб йилларга бориб тақалади. Биз уларга нафақат икки йиллик можаро учун, балки ўнлаб йиллар давомида тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам кўрсатамиз ҳамда армиямиз ва Исроил ҳарбийлари ўртасида ўнлаб йиллар давом этадиган узоқ ва кенг алоқаларни сақлаб турамиз”, дейди Миллер.

Унинг эслатишича, Исроил АҚШнинг НАТО аъзоси бўлмаган муҳим иттифоқчиси ҳисобланади.

"Украина бошқа ҳолатда, чунки биз бу можародан бир неча ой олдин улар билан бундай келишувга эга бўлмаганмиз", деб тушунтирди Миллер.

Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси Украинага қарийб 61 миллиард доллар ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Исроил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг