Германиялик сиёсатчи Учинчи жаҳон уруши сценарийсини айтиб берди 

Олам 17853
image

Учинчи жаҳон уруши танк ва артиллерияларсиз бўлади ва уни махфий қўшинлар олиб боради. Бу ҳақда Германиянинг Баден-Вюртемберг федерал штатининг собиқ бош вазири, Европанинг рақамли иқтисодиёт бўйича собиқ комиссари Гюнтер Эттингер “Handelsblatt” газетаси учун ёзган мақоласида айтиб ўтди.

Сиёсатчи ўз мақоласида Ғарб мамлакатларидаги бир нечта киберҳужумларни қайд этган: 2015 йилда Германия канцлери Ангела Меркелнинг компьютерига бузиб кирилгани, Ирландиянинг соғлиқни сақлаш тизимига ҳамда АҚШдаги “Colonial Pipeline” ва “Solarwinds” компанияларига, шунингдек, Америка ва Германия давлат идораларига қилинган ҳужумлар. Унинг фикрига кўра, бунинг ортида россиялик хакерлар ва разведка ходимлари туриши мумкин.

“Бир нарса аниқки, Учинчи жаҳон уруши қуруқлик, сув ёки ҳавода бўлмайди. Ҳойнаҳой, танкларсиз ва қуролларнинг гувиллашисиз виртуал олам — кибер майдонда бўлади”, деб ёзган немис сиёсатчиси.

Эттингер Россия, АҚШ, Хитой ва Исроил ҳамда Эронни энг йирик кибер кучлар қаторига киритди. Бундан ташқари, Москва, унинг фикрига кўра, ушбу рўйхатда энг қудратлисидир.

Собиқ вазир ўз мақоласида Германияни кибер мудофаага эътибор қаратишга чақирган, чунки мамлакат, аллақачон, рақибларидан анча орқада қолган.

Унинг қайд этишича, Европа Иттифоқи 2021 йилдан 2027 йилгача кибер майдондаги ҳимоя учун атиги бир ярим миллиард евро ажратган. Бу 27 аъзо давлат учун йилига умумий 230 миллион евро ёки ҳар бир мамлакат учун 10 миллион евродан камроқ тўғри келади.

Россия киберҳужумларда бир неча бор айбланган. Сўнгги бор овоза бўлган воқеа “Solarwinds” компаниясига қилинган ҳужум эди. Москва барча даъволарни рад этиб, уларнинг асоссиз эканини таъкидлаб келмоқда. У шунингдек, рақамли хавфсизлик соҳасида Европа давлатларини очиқ ҳамкорлик қилишга чақирмоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 891
Рейтинг: 2.9
t
×