Учинчи жаҳон уруши режаси: у қачон ва қаерда бўлиши керак эди?
Олам
−
18 Май 2021
66393Урушни бошлаганлар, унинг оловига яна олов ташлаб турганлар иқтисодий рақобатдан, фойда ундиришдан бошқа нарсани ўйламайдиган тўнғизлардир. Мен урушда бойлик орттирганлар, уруш оловини ёққанлар урушнинг биринчи кунларидаёқ мамлакат фуқароларининг мухтор вакиллари томонидан отиб ташланмоғи зарур, деб ҳисоблайман.
Эрнест Хемингуэй “Алвидо, қурол” китобига ёзган сўзбошидан.
Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига жуда катта кулфат келтирган бўлишига қарамай, у инсоният тарихидаги сўнгги уруш бўлмади. Қирғинбарот тугаши билан икки йирик иштирокчи – СССР ва АҚШ дунё ҳукмронлиги учун ўзаро кураш бошлади. Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин ва АҚШнинг 33-Президенти Гарри Трумен янги жаҳон уруши режаларини тузишга киришиб кетишди. Бу эса инсоният учун янги уруш хавфини келтириб чиқарди. Бугун баъзи адабиётлар ва махфий ҳужжатларларда қайд этилган, лекин омма учун сир бўлиб қолаётган Сталин ва Трумэннинг Учинчи жаҳон уруши учун тузган режалари ҳақида сўз юритамиз.
Урушдан сўнг Европадаги вазият
1945 йилда Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, АҚШ ва СССРнинг қудрати ортиб кетди. АҚШ Иккинчи жаҳон урушидан сўнг молиявий жиҳатдан анчайин бой, бундан ташқари ядро қуролига эга давлатга айланди. СССР жаҳон мамлакатлари кўз ўнгида фашистлар Германиясини мағлуб этиб, катта обрўга эришди ва урушдан сўнг улкан ҳарбий салоҳиятни ўзида жамлади.
Умумий душман Гитлер Германияси қулагач, бу икки давлат ўртасида дунё етакчилиги учун кураш бошланди. Чунки иккинчи жаҳон уруши туфайли Европанинг йирик давлатлари Буюк Британия, Франция ва Германия боши берк кўчага кириб қолган эди. Буюк Британия ғолиблар қаторида бўлса-да, иқтисодий жиҳатдан АҚШга қарам бўлиб қолди. Францияда ҳам аҳвол шундай кўринишда эди.
Потсдам конференцияси
Мағлубиятга учраган Германиянинг тақдирини ҳал этиш ва Германия тўлайдиган товон пули миқдорини белгилаш, асосий жиноятчиларни халқаро ҳарбий трибуналга бериш ҳақида келишиб олиш учун 1945 йилнинг 17 июлида Потсдам шаҳрида СССР, АҚШ ва Буюк Британия етакчилари ўзаро учрашишди. Ўша вақтдаги Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчилль ўзининг хотира дафтарида ёзишича, АҚШ Президенти Гарри Трумэн учрашув вақтида Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталинга “Армиясида катта бузғунчи кучга эга бўлган қурол мавжудлиги ҳақида” шипшитиб қўяди. СССР айни ўша вақтда ҳали ядро қуролига эга бўлмаганлиги учун Сталин бунга жавобан мийиғида кулиб қўяди.
СССР ядро қуролига қандай эришди
Собиқ Иттифоқнинг ядро қуролини қўлга киритиши Берлинни забт этилиши билан боғлиқ. Гап шундаки, дастлаб Германия ўз даври учун даҳшатли қудратга эга замонавий қуролни яратиш устида иш бошлаган. Аммо ядро-физик олимларнинг аксари яҳудий бўлгани учун ирқий репрессия натижасида кўплаб ақл инсонлари Олмонияни тарк этган. Шу сабабли Гитлер Германияси ядро қуролини кашф этишда анчайин оқсай бошлади.
Потсдам конференциясидан сўнг ядро қуролига эга бўлиш иштиёқида ёна бошлаган Иосиф Сталин Германиядаги барча ядро-физик олимларни зудлик билан топиб, Москвага кўчириб олиб келиниши ҳақида буйруқ беради. Чунки Потсдам шаҳрида АҚШ Президенти Гарри Трумэннинг айтган гапидан Сталин шуни англаган эдики, Америка урушдан сўнг ўзининг ядро қуроли билан СССРга таҳдид қилиши аниқ. Изланишлар натижасида НКВД (СССР Ички ишлар Халқ Комиссарлиги) Берлиндан бир неча тонна бойитилган уран моддасини топишга муваффақ бўлади.
АҚШнинг СССРга ҳужум режаси
АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасидаги илк рақобатчилик Европада тўқнашди. Урушдан сўнг АҚШ ҳукмрон доиралари ташқи сиёсатга эътибор бера бошлади. Бунинг сабаби Европа давлатларида коммунизм ғоясига ишонувчилар кўпайиб кетгани бўлди. АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси (МРБ) томонидан СССР ва унинг назорати остидаги ҳудудлардан тахминан 20 та энг муҳим саноат шаҳарлари ядро ракета ҳужуми учун танлаб олинган эди. АҚШ шу йўл билан коммунизмни таг-томири билан йўқ қилиб, бутун дунёга эгалик қилиш ниятида эди. АҚШ Президенти Гарри Трумэн бу режани маъқуллаб, 1947 йилда “Трумэн доктринаси”га мувофиқ ядро ракеталарини Греция ва Туркияга жойлаштирди. Бу эса АҚШ томонидан очиқчасига янги урушга тайёргарлик эди.
Сталиннинг режалари
Совет разведкаси АҚШнинг ядро ҳужуми режасидан тезда хабар топди. 1947 йилда АҚШ ядро ракеталарини Греция ва Туркияга жойлаштиргач, СССР ядро қуролини кашф этиш учун бор кучи билан ҳаракат қила бошлади. Ниҳоят атом энергияси институтининг ядро-физик олими Куручатов раҳбарлигидаги олимлар 1949 йилда Совет давлатининг биринчи атом бомбасини синовдан ўтказди. Бу эса кучлар мувозанатини тенглаштирди. Эндиликда Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин ҳам АҚШга нисбатан ҳужум режаларини тузишга киришди. Сталин бу режани 4-5 йилдан сўнг амалга оширмоқчи эди. Сабаби Иккинчи жаҳон урушидан кўрилган зарар, бундан ташқари ядро қуролини кашф этишга сарфланган харажатлар жуда катта бўлгани учун Сталин давлатни молиявий жиҳатидан оёққа турғазиб олгач, уруш бошламоқчи бўлган.
АҚШнинг уруш учун баҳона излаши
АҚШ урушни бошлаши учун баҳона керак эди. Шу мақсадда 1949 йилнинг апрель ойида Вашингтонда АҚШ, Англия, Франция ҳукмрон доиралари билан ғарбий Германиядаги 9 та земел (ўлкадан) иборат Германия Федератив Республикасини тузиш тўғрисида битим имзолашди. АҚШ Президенти Гарри Трумэн СССР бунга жавобан Ғарбий Германияга ҳужум қилади деб кутган, чунки бу урушга тайёр баҳона бўлар эди. Совет Иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин бунга жавобан 1949 йилнинг октябрь ойида Шарқий Германияга қўшин киритиб, Германия Демократик Республикасини тузиб, ўз иттифоқчиси таркибига қўшиб олди.
Учинчи жаҳон уруши хавфини келтириб чиқарган Корея уруши
Иккинчи жаҳон уруши даврида Кореянинг шимолини СССР, жанубини эса АҚШ армияси ишғол қилди. Германияда бўлганидек, бу ерда ҳам икки ҳукумат тузилди. Жанубий Кореяда Ли Си Ман бошчилигидаги Америка тарафдорлари ҳукумати, Шимолий Кореяда эса Ким Ир Сен бошчилигида давлат тузилди. Шундан сўнг, АҚШ ўзининг еттинчи денгиз қўшинини Япониянинг Окинава оролига жойлаштирди. Бу эса СССРнинг шарқий Сахалин ва Камчатка ҳудудларига таҳдиди эди.
Ким Ир Сен Жанубий Кореяга бостириб кириш учун режалар туза бошлади. Бироқ уруш учун Ким Ир Сенга ҳарбий кўмак зарур эди. Шу мақсадда 1950 йилнинг апрель ойида Ким Ир Сен Москвага ўзининг тутинган акаси Иосиф Сталиндан Жанубий Кореяга ҳужум қилиш мақсадида ҳарбий ёрдам сўраб борди. Бу вазиятдан фойдаланган Совет Иттифоқи раҳбари Сталин Шимолий Кореяга ёрдам бериш орқали уруш бошламоқчи эди. Сталин Корея уруши натижасида ядровий уруш бошланиб кетиши хавфини билса-да, бу урушга розилик бериб, Шимолий Кореяга ҳарбий ёрдам бера бошлади. Сталиннинг мақсади Корея уруши орқали АҚШ ва унинг иттифоқчиларини йўқ қилиш ва СССРни дунёда ягона гегемон давлатга айлантириш эди. Бунинг учун СССР ядро қуролини аллақачон синовдан ўтказиб, урушга шай ҳолатга келтирди.
Бундан ташқари, бу вақтга келиб СССР урушдан сўнг иқтисодий жиҳатдан ўзини анчайин ўнглаб олган эди. Сталиннинг қўллаб-қувватлаши натижасида Шимолий Корея армияси 1950 йилнинг 25 июнида чегарани бузиб ўтиб, Жанубий Кореяга ҳужум қилди. АҚШ эса бу масалани тезлик билан БМТда муҳокама этишга киришди. БМТ Шимолий Кореяни агрессор, деб тан олди ва унга қарши уруш ҳаракатларини бошлашга рухсат берди.
Халқаро кучлар АҚШ бошчилигида 1950 йилнинг 15 сентябрь куни Корея яриморолига ташланди ва улар Шимолий Корея армияси ҳаракатини тўхтатишга муваффақ бўлишди ҳамда тез орада КХДР армиясини Жанубий Корея ҳудудидан суриб чиқарди.
СССРнинг иттифоқдоши бўлган Хитой Халқ Республикаси раҳбари Мао Цзэдун агар бирон бир корейс бўлмаган ҳарбий куч 38-параллелдан ўтиб кетса, Хитой урушга киришишини эълон қилди. Октябрь ойи охирига келиб эса АҚШ ҳарбий кучлари Шимолий Корея пойтахти Пхеньян шаҳрини эгаллади. Шундан сўнг Хитой Халқ Республикаси ўз ҳарбий кучларини Шимолий Кореяга ёрдамга юборди. СССРнинг ҳам Корея урушига аралашиши аниқ-равшан бўлиб қолди.
Махфий ёзишмалар
Совет Иттифоқи раҳбари Сталин 1950 йил октябрь ойи бошларида Мао Цзэдунга хат ёзган. Унда шундай дейилганди:
“Дунё тез орада яна катта урушга тортилади, шунинг учун биз шай ҳолатда бўлишимиз керак. Хитой, СССР билан биргаликда бўлиши керак, чунки биз биргаликда АҚШ ва Буюк Британиядан кучлироқ бўламиз. Агар жаҳон уруш муқаррар бўлса, ҳозир бўлсин”.
Сталин Хитой билан биргаликда АҚШ қўшинларини Корея ярим оролидан суриб чиқариш орқали Японияни ҳам эгаллаб олиб, ундан сўнг эса АҚШнинг Гавайи оролларидаги ҳарбий базаларига тезлик билан зарба бериш режасини тузиб қўйган эди.
1951 йилнинг қишида дунё Учинчи жаҳон уруши остонасида бўлиб қолди. АҚШ элчиси Жорж Кеннан Москвадан чиқариб юборилди.
АҚШ Президенти Гарри Трумэн эса АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари генерали Ванденбергга вазият кескинлашадиган бўлса, Сибир ва Уралдаги СССР ҳарбий базаларига ядровий зарбалар бериш учун тайёргарликка кўрсатма берган. Бу эса бутун дунё Учинчи жаҳон уруши арафасида эканлигидан далолат эди.
Кескинликнинг юмшаши
Яқинлашиб келаётган Президентлик сайловида Гарри Трумэн учун асосий рақиб Республикачи генерал Дуайт Эйзенхауэр бўлди. Гарри Трумэн Корея урушини давом эттирмоқчи эди. Лекин сайловда ғолиб бўла олмагач, СССРга қарши тузилган барча режалар пучга чиқди. Чунки Президентлик сайлови дастурида генерал Эйзенхауэр Кореядаги урушни тугатишга ваъда берган эди.
1952 йилги сайловда ғолиб бўлгач, Эйзенхауэр урушни тугатиш учун нима қилиш кераклигини аниқлаш мақсадида расмий ташриф билан 1953 йилнинг бошида Кореяга борди. Бу ташриф кескинликни бироз бўлса-да юмшатишга хизмат қилди. Бироқ, бурилиш нуқтаси 1953 йил 5 мартда Сталиннинг вафот этгани бўлди. Сталин вафотидан кўп ўтмай КПСС Марказий Қўмитаси Президиуми урушни тўхтатиш учун овоз берди. 1953 йилда яраш битими имзоланди. Унга кўра, ҳар икки корейс давлати чегараси урушгача бўлган ҳолатида (38-параллель кенгликда) тикланди. Шу тариқа Корея яриморолида уруш тўхтатилган бўлса-да, бугунги кунда ҳам бу икки Корея давлати ўртасида ҳамон зиддиятлар мавжудлигича қолмоқда.
Нурматов Сардор Aли
LiveБарчаси