Германия ва Британия мудофаа шартномасини имзолади

Олам

image

Германия ва Буюк Британия мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришди. Лондонга илк расмий ташриф билан борган Германия Мудофаа вазири Борис Писториус ва унинг британиялик мавқедоши Жон Хили ҳужжатни бугун, 23 октябрь куни имзолади.

Германия Мудофаа вазирининг айтишича, Trinity House келишуви, биринчи навбатда, "Европада катта хавфсизлик"га хизмат қилади ҳамда Лондон ва Берлинга Россия Президенти Владимир Путин томонидан олиб борилаётган "ажратиш ва вайрон қилиш" сиёсатига қарши бирлашишга имкон беради.

"Биз бошқача нарсани таклиф қиламиз: бирдамлик ва ишонч", деди немис вазири келишув имзоланганидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.

Буюк Британия Мудофаа вазири Жон Хили келишувни "муҳим нуқта" деб атади. Унинг сўзларига кўра, ушбу келишув Германия қуролли кучлари – Бундесвер билан “илгари эришиб бўлмайдиган миқёсда” ҳамкорлик қилишни назарда тутади.

“Ҳаво, қуруқлик, денгиз ва кибер соҳалардаги лойиҳалар орқали биз биргаликда мудофаа салоҳиятимизни оширамиз ва шу орқали НАТОнинг Европа таркибий қисмини мустаҳкамлаймиз”, деди Борис Писториус ҳужжатни имзолашдан олдин.

Унинг қўшимча қилишича, Украинадаги уруш “Европа хавфсизлигини оддий қабул қилмаслик кераклигини” кўрсатган. Писториус келишув доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар НАТО ва Европа Иттифоқидаги бошқа иттифоқдош ва ҳамкорлар учун очиқ бўлишини таъкидлади.

Германия Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, шартнома, хусусан, Британиянинг бир қанча заводларида Германиянинг Rheinmetall концернидан танклар ишлаб чиқаришни назарда тутади. Бундан ташқари, артиллерия бочкалари ишлаб чиқарувчи завод қурилиб, қўшимча 400 иш ўрни яратилади. Томонлар, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини бирлаштириш ва душман ҳудудига чуқур зарба бера оладиган янги узоқ масофали қуролларни яратиш ниятида.

“Reuters” хабар беришича, гап Лондон томонидан Киевга узатилган Storm Shadow узоқ масофали ракета тизимларидан кўра кўпроқ масофа ва аниқликка эга янги қурол тоифасини биргаликда яратиш ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, Берлин ва Лондон Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан НАТОнинг шарқий қанотида Россияни жиловлаш учун қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш ниятида. Шунингдек, дронлар томонидан қувватланадиган танк бирликларини яратиш режалаштирилган.

DPA маълумотларига кўра, келишувлар, шунингдек, Германия разведка самолётларини Шотландияда жойлаштиришни ҳам назарда тутади, у ердан ҳарбийлар Шимолий Атлантика ва сувости кемаларини кузатиши мумкин бўлади. Ушбу чора сувости кабелларини саботаждан яхшироқ ҳимоя қилиш учун мўлжалланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Буюк Британия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made