Германия Украинага яна 1 млрд евролик ҳарбий ёрдам ажратади
Олам
−
12:14 447 2 дақиқа
Германия Украинага қўшимча 1 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратади. Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц кеча, 4 октябрь куни Киевга ташрифи чоғида маълум қилди.
Қайд этилишича, Мерцнинг Киевга ташрифи давомида шаҳарга Россия томонидан дрон ҳужумлари уюштирилган. Пойтахтда ҳаво ҳужуми сиреналари янграган ва портлашлар овози эшитилган.
Мерц Германия Украинани қўллаб-қувватлашдан воз кечишга мажбур қилинмаслигини билдирган. Унинг айтишича, Россия Украинадаги аҳоли руҳиятини туширишга уринмоқда.
Шунингдек, Германия Украина энергетика тизимини тиклаш учун 350 миллион евро ажратади. Мерц Россиянинг киберҳужумлар ва дезинформация кампаниялари орқали Европанинг демократик тартибига зарба бераётганини таъкидлаган.
Канцлернинг Киевга ташрифи доирасида Германия компаниялари ва Украина ҳукумати ҳамда бизнес вакиллари ўртасида умумий қиймати қарийб 6,6 миллиард евролик 14 та келишув имзоланган.
Улар орасида Германиянинг Diehl Defence компаниясидан IRIS-T ҳаво мудофаа ракеталарини етказиб бериш, Hensoldt компаниясидан радар ускуналарини харид қилиш ҳамда Quantum Systems компаниясидан реактив дронларни тутиб қолувчи қурилмаларни етказиб бериш бўйича келишувлар бор.
Шу билан бирга, Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг инфратузилмага қарши ҳужумларини кучайтиришига жавоб қайтарилишини билдирган. Унинг айтишича, Россия сўнгги ҳафталарда Киевдаги кўприкларга ҳам зарба бермоқда. Мерц эса Россия Президенти Владимир Путинни маъносиз урушга барҳам беришга чақирган.
“Биз музокараларга тайёрмиз, бу урушни тугатиш масаласини муҳокама қилишга тайёрмиз, бироқ Украинанинг тинч аҳолисига қарши бу ваҳшиёна ҳужумлар тўхташи керак”, деган Германия канцлери.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 октябрь эрталаб Германия канцлери Фридрих Мерц махсус поездда Киевга боргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиСергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь