Германия Украинага қишки ёрдам учун 100 миллион евро ажратади
Олам
−
17 Сентябрь
1983Германия яқинлашиб келаётган қиш мавсуми учун Украинага 100 миллион евро қўшимча ёрдам беради. Бу ҳақда Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бугун, 17 сентябрь куни Кишинёвга ташрифи чоғида айтиб ўтди.
Бербок Россияни “Украинадаги одамларнинг ҳаётини иложи борича даҳшатли қилиш мақсадида” навбатдаги қишки урушни режалаштираётганликда айблади. Шу билан бирга, у 2022 йил февраль ойида Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан сўнг дарҳол Россия Молдовани йўқ қилишга уринганини таъкидлади.
“Аммо Кишинёв расмийлари дезинформация ва киберҳужумлар оқимини тўхтатишга муваффақ бўлишди ва европалик ҳамкорлар Молдова учун Европа Иттифоқи йўналишидаги йўлни белгилаб беришди. Россия Президенти Владимир Путиннинг мамлакатни тартибсизликка солиб қўйишга уринишлари муваффақиятсиз якунланди ва Молдова Европа Иттифоқига яқинлашди”, дейди у.
Шу билан бирга, Бербок Молдова учун энг катта таҳдид Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши бўлиб қолиши ва агар Россия бу мамлакатда ҳарбий муваффақиятга эришса, Молдова навбатдаги нишонга айланиши мумкинлигини таъкидлади.
“Шунинг учун Украинани қўллаб-қувватлаш Молдовани қўллаб-қувватлашдир”, дея қўшимча қилди у.
“Молдовани қўллаб-қувватлаш платформаси” Германия ташаббуси билан 2022 йил апрель ойида Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқинидан кейин яратилган. Унга Франция ва Руминия ҳам киради. Бугун, 17 сентябрь куни бўлиб ўтадиган музокаралар мавзулари Молдованинг иқтисодий ривожланиши ва энергия таъминоти, шунингдек, ушбу давлат томонидан амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар бўлади.
LiveБарчаси