Германия Россия билан муроса қилишга мажбур

Олам 11148
image
-

Германия янги газ манбаларини қидирмоқда лекин Россия газини олишни тўхтатмоқчи эмас. Бу ҳақда кеча, 1 сентябрь куни Германия канцлери Олаф Шольц Эссен шаҳрида фуқаролар билан бўлган тадбирда маълум қилди.

"Биз газ таъминоти билан боғлиқ вазиятни енгиб ўтамиз. Лекин Россиядан келадиган оз миқдордаги газни ҳам рад қилсак, буни қилиш қийинроқ бўлади. Биз ҳаётимизни беҳуда мураккаблаштирмаслигимиз керак, бу менинг шахсий ишончим” дейди Шольц.

Канцлер Германиянинг энергетик инқироздан омон қола олишига ишончини Германиянинг газ омборларини тўлдириш, кўмирда ишлайдиган электр станцияларини ишга тушириш ва суюлтирилган табиий газ терминалларини қуриш масалаларини ўз вақтида кўриб чиққани билан изоҳлаган.

“Айни пайтда давлат ҳеч қачон газга қарам бўлмаслик учун инфратузилмани кенгайтириши керак. Бунинг учун Жанубий Европадан қувурлар талаб қилинади. Мисол учун Испания ва Португалиядан”, дейди Германия канцлери.

Шунингдек, Шольц Россия иштирокисиз янги газ манбаларини Африка, яқин Осиёдан олиш кўриб чиқилаётганини, бу жаҳон бозорини ҳам, Германияни ҳам қўллаб-қувватлашини қўшимча қилиб ўтган.

Бундан ташқари, у Европа Иттифоқи газ импортига нима учун санкциялар киритмаганини тушунтирган. Унинг фикрича, бу биринчи навбатда Германия эмас, балки Ғарбий Европа мамлакатлари билан боғлиқ. Чунки баъзи ЕИ давлатлари тезда янги газ муқобилини тополмайди.

Маълумот ўрнида, Украинада махсус ҳарбий операция бошланганидан сўнг Ғарб давлатлари Россияга нисбатан санкциялар босимини кучайтирди. Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари биргаликда олтита санкциялар пакетини, жумладан, кўмир ва нефтга эмбаргони қабул қилди. Етказиб бериш занжирларининг узилиши Европа ва АҚШда ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 августида Европада газ нархи 1000 куб метр учун 3200 доллардан ошган.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 299
Рейтинг: 2.9
t
×