Германия Россия биқинида 12 минг дона дрон жойлаштирмоқчи
Олам
−
29 Октябрь 4083 2 дақиқа
Германия ҳукумати 12 000 та жанговар – ўзини қурбон қилувчи дрон учун учта мудофаа компаниясига жами 900 миллион евро ажратмоқчи. Ушбу дронлар Германиянинг Литвадаги бригадасига етказиб берилади. Учала компания Украинанинг Қуролли кучлари билан ҳам ҳамкорлик қилади. Бу ҳақда вазиятдан хабардор уч нафар манбага таяниб, “Financial Times” хабар берди.
“Бундестаг қўмитаси томонидан маъқуллангач, ҳар бири 300 миллион евродан бўлган шартномалар иккита стартап ва Германиянинг мудофаа саноатидаги йирик – Европадаги энг катта қурол ишлаб чиқарувчиси Rheinmetall’га берилиши кутилмоқда”, дейди манбалар.
Rheinmetall АҚШнинг Anduril ва Исроилнинг UVision компаниялари билан ҳамкорлик қилади ва айнан жорий йилнинг сентябрь ойида ўзининг биринчи жанговар дронини тақдим этган. Helsing ва Stark стартаплари эса, асосан, пилотсиз технологияларга ихтисослашган.
Helsing – Европа мудофаа стартаплари орасида энг йирикларидан бири бўлиб, жалб қилинган инвестициялар асосида унинг қиймати тахминан 12 миллиард еврога баҳоланган. Инвесторлардан бири – Spotify асосчиси Даниэль Эк. Ўтган йил давомида Helsing Украинага 6000 та жанговар дрон етказиш режаласини эълон қилган ва Германиянинг Grob Aircraft самолёт ишлаб чиқарувчисини сотиб олган. Stark инвесторлари орасида Sequoia Capital венчур фонди ва PayPal ҳамда Palantir ҳамкорларидан бири – миллиардевр инвестор Питер Тиль ҳам бор. Stark’нинг Украина бўйлаб дронларни ишлаб чиқиш ва синов жамоаси ҳам фаолият юритади.
Ушбу уч ишлаб чиқарувчидан олинадиган дронлар ҳам Литвага юборилиши режалаштирилмоқда.
Қайд этиш жоиз, НАТО шарқий қанотини дронлар билан таъминлаш зарурати сўнгги ойлар давомида долзарб масалага айланди. Бунга Россияга оид дронларнинг Польша ва Руминияга кириши, шунингдек, Германия, Дания, Норвегия ва Бельгия ҳудудларида номаълум дронларнинг қайд этилиш ҳоллари кузатилгани сабаб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва Президенти Гитанас Науседа Россия ҳарбий самолётлари Литва ҳаво ҳудудини бузгани ва халқаро ҳуқуқларни ҳам четлаб ўтганини маълум қилган эди. Шунингдек, Науседа Литва Ташқи ишлар вазирлиги ушбу “эҳтиётсиз ва хавфли хатти-ҳаракатлар”га қарши норозилик билдириш учун Россия элчихонаси вакилларини чақиришини айтган.