Германия Исроил билан қўшма декларация имзолади (видео)
Олам
−
12 Январь 1975 2 дақиқа
Кеча, 11 январь куни Германия Ички ишлар вазири Александр Добриндт Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан Эрон, “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАСни қораловчи тарихий қўшма декларацияни имзолаб, икки давлат ўртасидаги хавфсизлик ва технологик ҳамкорликни кучайтирди. Бу ҳақда “Israel” хабар берди.
Баёнотда қайд этилишича, Эрон ва унинг иттифоқчилари – “Ҳизбуллоҳ”, ҲАМАС ва ҳусийлар – нафақат Исроилга, балки минтақавий барқарорлик ва халқаро хавфсизликка ҳам таҳдид солмоқда.
“Бугун имзоланган декларация Германия билан киберхавфсизлик, терроризмга қарши кураш ва илғор технологиялар соҳаларида чуқур ҳамкорликни мустаҳкамлайди ҳамда хавфсизликка бўлган мажбуриятни қўшма амалий ҳаракатларга айлантиради”, дейилади баёнотда.
Нетаньяху идорасининг маълум қилишича, имзоланган декларация Германиянинг Исроил давлати хавфсизлигига бўлган чуқур садоқатини мустаҳкамлайди ва икки мамлакат ўртасидаги хавфсизлик-технологик ҳамкорликни янги стратегик босқичга олиб чиқади.
Декларация икки давлатнинг хавфсизлик идоралари ўртасида киберҳимоя, илғор технологиялар, ҳуқуқ-тартибот, терроризмга қарши кураш ва фуқаролик мудофааси соҳаларида кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутади. Шунингдек, у Германиянинг тарихий масъулиятини, жумладан, Ҳолокост хотирасини мустаҳкамлаш ва Яд Вашем билан ҳамкорликни акс эттиради.
Идоранинг қўшимча қилишича, декларациянинг имзоланиши, айниқса 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужум фонида, Исроил ва Германия ўртасидаги хавфсизлик, технологик ва қадриятларга асосланган иттифоқни чуқурлаштиришда ҳал қилувчи лаҳза ҳисобланади.
“Исроил ва Германия ўртасидаги умумий ҳамкорликка, айниқса киберхавфсизлик масаласига жуда катта аҳамият бераман. Бу бизнинг ички хавфсизлигимизга, инфратузилмамизга ва бошқа соҳаларга таҳдид солаётган асосий хавфлардан биридир. Менимча, Германия ва Исроил азалий ҳамкорлардир”, деган Нетаньяху.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг ноябрида Германия Ғазо секторидаги гуманитар вазият сабаб август ойида ўрнатилган Исроилга қурол-яроғ етказиб бериш тақиғини бекор қилганди.