Германия Ғазога ҳаводан гуманитар ёрдам етказиб бера бошлади
Олам
−
16 Март
6634Бугун, 16 март куни Германия Ҳарбий-ҳаво кучлари инсонпарварлик ёрдамининг биринчи партиясини парашютлар билан Ғазо секторига туширди. Бу ҳақда DPA хабар берди.
"Ғазо секторидаги одамларда асосий эҳтиёжлар йўқ. Биз уларнинг озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминланиши учун ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз", дейди Германия Мудофаа вазири Борис Писториус.
Бир қатор араб давлатлари, АҚШ ва Франция иштирокида ўтказилаётган Ғазо секторининг тинч аҳолисини ҳаводан гуманитар ёрдам билан таъминлаш бўйича операцияда иштирок этиш учун Бундесвер иккита C-130 транспорт самолётини минтақага жойлаштирди. Ушбу транспорт воситаларининг ҳар бири 18 тоннагача юк ташиш имкониятига эга. Бу самолётлар Иорданияда ҳавога кўтарилади ва уларнинг юклари махсус усулда парашют орқали туширилади.
Қайд этиш жоизки, Гуманитар ташкилотлар Ғазо секторидаги тинч аҳоли аҳволидан ўта хавотир билдириб, очарчилик таҳдидига ишора қилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фикрича, гуманитар ёрдамни ҳаво орқали етказиш юк машиналари орқали етказиш кўламини янада кенгайтирмасдан туриб, вазиятни сезиларли даражада яхшилашга қодир эмас.
Бир қатор давлатлар, жумладан, Германия Исроил ҳукуматини Ғазо сектори тинч аҳолисини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирди. Ўз навбатида, Исроил мудофаа кучлари ҳозирда 2 миллиондан ортиқ тинч аҳоли истиқомат қилаётган Рафаҳ шаҳрида қуруқликдаги операцияга тайёргарликни давом эттирмоқда. Исроил томонига кўра, операция бошланишидан аввал тинч аҳоли Рафаҳдан эвакуация қилинади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил ҳукумати Рафаҳга ҳужум режасини тасдиқлагани маълум бўлганди.