“Газпром” газини Ўзбекистонга қанчага пуллагани маълум бўлди

Олам

image

Ўзбекистон ҳар 1000 куб метр газни тахминан 160 АҚШ долларидан сотиб олмоқда. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри хабар берди. 

Нашрнинг ёзишича, Ўтган йили Ўзбекистон жами 1,22 млрд куб метр рус газини импорт қилган. Бу эса Украинадаги уруш сабаб Европага газ етказиб беришнинг тўхташи фонида Марказий Осиё давлатлари “Газпром” учун ягона йўналиш бўлиб қолаётганини билдиради. Жумладан, компания 2023 йилда Ўзбекистонга 1000 куб метр газни тахминан 160 АҚШ долларидан етказиб берган. Бу Туркия ёки Хитойга экспорт нархидан анча паст.

Қайд этилишича, 2023 йилда “Газпром” Қозоғистонга қарийб 7,25 млрд куб метр ва Қирғизистонга 0,39 млрд куб метр газ етказиб берган.

“Ўзбекистонга етказиб бериш нархи Туркия (1000 куб метр учун тахминан 270 – 280 доллар) ва Хитойга (1000 куб метр учун 260 – 270 доллар) экспорт нархларидан сезиларли даражада паст. Шунга қарамай, жорий нарх “Газпром”га ҳар 1000 куб метрдан 20 – 22 доллар фойда олиш имконини беради”, деган Россия Энергетика ва молия институти ходими Сергей Кондратев.

Ўзбекистон расмийлари Россиядан газ импорти бўйича шартнома шартларини тижорий сир важи билан батафсил очиқламаган.

“Коммерсантъ”нинг ёзишича, Ўзбекистонда газ қазиб олишнинг қисқариши сабабли Россиядан импорт қилиш кейинги йилларда ҳам давом этади. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Хитойга йилига 10 млрд куб метр газ экспорт қилиш бўйича шартномаси мавжуд бўлиб, бу тўлиқ ҳажмда бажарилмаяпти.

Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Саткалиевнинг айтишича, Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит ҳажми 2026 йилдан бошлаб, дастлаб режалаштирилганидан 4 баробарга кўпайтирилиб, 3 млрд куб метрдан 11 миллиард куб метргача оширилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон илк марта Россиядан газ импорт қила бошлади. “UzGasTrade” ва “Газпром” ўртасида йилига 2,8 млрд куб метр ёки кунига 9 млн куб метргача газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилган. Шундан кейин томонлар ўртасида ўрта ва узоқ муддатли шартномалар бўйича музокаралар бошланган.

2024 йилги давлат дастурига кўра, шимолдан импорт қилинадиган табиий газ ҳажми кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача оширилади. Республика магистраль газ тизимини бунга тайёрлаш учун ташқи қарзлар ҳисобидан 500 млн доллар ажратиш режа қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Газпром импорт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг