Ғазога кунига қанча озиқ-овқат кираётгани айтилди
Олам
−
17 Октябрь 5720 2 дақиқа
Ғазодаги сулҳдан кейин БМТнинг озиқ-овқат дастури (WFP) анклавга кунига 560 тонна озиқ-овқат олиб кирмоқда, аммо бу етарли эмас. Бу ҳақда бугун, 17 октябрь куни WFP вакили Абир Этефа Женевадаги брифингда маълум қилди.
Унинг айтишича, сулҳ ўрнатилганидан бери жорий йилнинг 15 октябригача Ғазога 230 та юк машинаси, яъни тахминан 2800 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етказилган. Ҳозирда ҳар куни тахминан 560 тонна озиқ-овқат олиб кирилмоқда, бироқ бу ҳам етарли эмас.
Этефанинг билдиришича, атиги бешта озиқ-овқат тарқатиш пункти фаолият юритмоқда, ҳолбуки дастур режасига кўра уларнинг сони 145 тага етказилиши керак, бу эса ёрдамга муҳтож 1,6 миллион кишини қамраб олади. Шунингдек, Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳозирда Исроил очган иккита назорат пункти “Керем Шалом” ва “Кисуфим” орқали ёрдам етказмоқда.
WFP вакилининг сўзларига кўра, улар озиқ-овқат етказиб беришни кучайтириш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида янги йўналишлардан фойдаланмоқда. Бироқ у барча бешта ўтиш жойини очиш зарурлигини таъкидлаб, БМТ ҳанузгача Ғазо шаҳрида гуманитар ёрдам тарқатишни бошлай олмаганини қайд этган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалалар бўйича бошқармаси маълумотларига қараганда, сўнгги икки кун ичида Ғазо секторига гуманитар ёрдам билан 1666 та юк машинаси етиб келган. Уларнинг учдан бир қисми БМТнинг гуманитар дастурлари томонидан мувофиқлаштирилган бўлса, қолганлари тижорат сектори ва хайриялар орқали юборилган.
Маълумот учун, Исроил ҳарбий амалиётлари бошланганидан бери Ғазо секторида 66 288 нафар киши, жумладан 18 430 нафар бола ҳалок бўлган. Вафот этганларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари бўлган. ЖССТ маълумотларига кўра, йил бошидан бери Ғазода 400 нафардан ортиқ одам очликдан ўлган, уларнинг 100 нафаридан ортиғи болалар. Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 22 август куни БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти илк бор Фаластин ҳудудида ҳалокатли очарчилик ҳолатини эълон қилган. Ҳисоб-китобларга кўра, сентябрь ойи охиригача Ғазо секторидаги 640 мингдан ортиқ киши Халқаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти томонидан 5-босқич деб ҳисобланган озиқ-овқат хавфсизлигининг ҳалокатли даражасига дуч келади.
Эслатиб ўтамиз, жорий ҳафтанинг бошида Дональд Трамп бошқа давлатлар раҳбарлари билан биргаликда Мисрда ўтган саммитда Ғазо бўйича тинчлик келишувига имзо чеккан эди.
Моҳичеҳра Қадамова
Live
Барчаси