Ғазода Ёсир Арофатнинг уйи вайрон қилинди (фото)
Олам
−
23 Февраль
11289Исроил ҳарбийлари Фаластин озодлик ҳаракати етакчиларидан бири Ёсир Арофатнинг Ғазодаги уйини топиб, вайрон қилди. Бу ҳақда Фаластин Маданият вазирлиги маълум қилди.
Вазирликка кўра, Исроил аскарларининг бундай қўпорувчилик ҳаракатлари фаластинликларнинг қадр-қиммати ва жасорат тимсолларини йўқ қилишдан иборат.
Фаластин Маданият вазири Абу Сайфнинг таъкидлашича, уйда Арофат ҳаётининг турли босқичларини акс эттирувчи, унинг ўз халқи озодлиги йўлидаги кураши ва фидойилигини намоён этган санъат асарлари ва қатор кўргазмалар мавжуд бўлган.
Қайд этилишича, шиддатли жанглар оқибатида анклавда жойлашган уй вайрон бўлган.
“Уй ўзининг тарихий аҳамияти ва жойлашуви билан тарихимизнинг муҳим лаҳзаларидан бири бўлиб қолади, шу билан бирга, ишғолчиларнинг бузғунчилик ҳаракатлари уларнинг нақадар шафқатсизлигини яна бир бор исботлайди”, деган Абу Сайф.
Шунингдек, вазир Ғазога қарши давом этаётган уруш пайтида Фаластин маданий меросларига, жумладан, тарихий иншоотлар, масжидлар, черковлар, маданий марказлар, диққатга сазовор жойлар, музейлар, кутубхоналар, нашриётлар ва университетларга қилинган ҳужум Исроил сиёсатининг туб илдизи эканини қўшимча қилган.
Маълумот учун, 1995-2001 йилларда Ёсир Арофат юқорида номи қайд этилган уйда яшаган. 2004 йилда даволаниш учун бош қароргоҳини Рамаллоҳдан Францияга кўчиргач, ўша ерда вафот этади. У 1950 йилларда амалдаги Президент Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин маъмурияти ҳукуматини ташкил этувчи Фатҳ партиясининг асосчиси бўлган. 1996 йил 20 январда 83% кўпчилик овоз билан Фаластин Президенти этиб сайланади. 1993 йили Норвегия пойтахти Осло шаҳрида Исроил Бош вазири Ицхак Рабин ва Ёсир Арофат иштирокида тинчлик шартномаси имзоланиши ортидан улар Нобель мукофоти билан тақдирланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазодаги қурбонлар сони 29 мингдан ошгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси