Ғазода очликдан ҳалок бўлганлар сони ортди
Олам
−
04 Август 2685 2 дақиқа
Исроил томонидан қамал қилинган Ғазо секторида сўнги 24 соат ичида яна олти нафар фаластинлик очлик сабабли ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир ал-Бурш маълум қилди.
Унинг ижтимоий тармоқларда берган баёнотига кўра, очликдан вафот этганлар орасида 93 нафар бола бор.
Қўшимча қилинишича, Исроил зарбалари остида қолган ва қатъий блокадага олинган Ғазо сектори оғир гуманитар инқирозни бошдан кечирмоқда – озиқ-овқат, сув, дори-дармон, тиббий ва гигиеник воситаларнинг жиддий танқислиги кузатилмоқда.
Айниқса, очликдан ҳалок бўлаётган болалар сони кескин ошиб бормоқда.
Маҳаллий ва халқаро манбаларнинг таъкидлашича, Исроил очлик ва чанқоқликни қурол сифатида ишлатмоқда.
Исроил армияси Ғазо секторидаги фуқаровий инфратузилманинг 88 фоизини вайрон қилган. Армиянинг ҳужумлари ҳанузгача давом этмоқда, жумладан, аввал яшаш жойларидан зўрлаб чиқарилган фаластинликлар вақтинча бошпана топган ҳудудлар ҳам нишонга олинмоқда.
Ғазо секторида яшовчи 2,3 миллион аҳолининг тахминан 2 миллиони Исроилнинг ҳаво ҳужумлари ва мажбурий эвакуация буйруғи сабабли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Кўпчилик бир неча бор кўчишга мажбур бўлган.
Ҳаёт учун энг зарур шароитлардан маҳрум бўлган фаластинликлар ҳозирда ўз қўллари билан тиклаган чодирларда ёки одамга тўлиб-тошган мактаб биноларида яшамоқда. Бу ерда энг содда санитария шароитлари йўқ, ҳожатхоналар етишмайди ва юқумли касалликлар тез тарқалмоқда.
Шу билан бирга, Исроил армияси кўчирилганлар бошпана қилган чодир лагерлари ва бошқа фуқаровий объектларга зарбалар беришни давом эттирмоқда.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроилнинг Ғазо секторига қилган ҳужумлари оқибатида камида 60 минг 430 фаластинлик ҳалок бўлган, яна 148 минг 722 нафари яраланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС гуруҳи қуролни фақат мустақил Фаластин давлати ташкил этилиб, унинг пойтахти Қуддус бўлиши таъминлангандагина топширишга розилик билдирганди. Бу баёнот АҚШ вакили Стив Уткоффнинг ҲАМАС қуролни топширмаслиги ҳақидаги сўзлари янграган пайтда эълон қилинди.