Ғазода оч уйқуга кетган оила Исроил ҳужумида ҳалок бўлди
Олам
−
24 Июль 2025 3844 5 дақиқа
Газо шаҳридаги уйида оч ҳолда ухлашга ётган Ал-Шаър оиласи Исроил ҳаво ҳужуми сабабли ортиқ уйғонмади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, бу оила – мустақил журналист Вала ал-Жаъбарий, унинг турмуш ўртоғи ва беш нафар фарзанди – соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, охирги 24 соат ичида Исроилнинг ҳаво ҳужумлари ва отишмаларида ҳалок бўлган 100 дан ортиқ одам орасида эди. 23 июль куни уларнинг жасадлари портлатилган уйлари ёнида оқ кафанларга ўралган ҳолда ётарди. Исмлари ручкада ёзилган, кафан орқали қон сизиб чиқиб, уларни қизилга бўяган эди.
“Бу менинг амакимнинг ўғли. У 10 ёшда эди. Биз уларни вайрона остида топиб олдик”, дейди Амир ал-Шаър жасадлардан бирини кўтарган ҳолда.
“Болалар еб ичмасдан ухлашганди. Ҳеч нарса емаган эди, шунда портлаш бўлди”, дейди оиланинг шу яқин атрофда яшайдиган яна бир қариндоши Иман ал-Шаър.
Исроил армияси оила яшаган уйга қилинган ҳужум ҳақида дарҳол изоҳ бермади. Аммо уларнинг маълум қилишича, сўнгги бир кунда Газо бўйлаб 120 та нишонга зарба берилган. Исроил томонининг иддаосича, нишонлар орасида “террористик гуруҳлар, ҳарбий инфратузилма, туннеллар, мина қўйилган бинолар ва қўшимча террорчи объектлар” бор.
Қариндошлар айтишича, баъзи қўшнилар ҳужум пайтида овқат қидириб кўчага чиқишган ва фақат шу сабабли омон қолган.

Газо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, яна ўн нафар фаластинлик бир кеча-кундузда очликдан ҳалок бўлди. Шу билан очликдан нобуд бўлганлар сони 111 нафарга етди. Улардан аксарияти сўнгги ҳафталарда ҳалок бўлган, чунки очлик Газога тўфондек келмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 23 июль куни маълум қилишича, жорий йил бошидан бери беш ёшгача бўлган 21 нафар бола очликдан нобуд бўлган. Мартдан майгача бўлган 80 кун мобайнида улар умуман озиқ-овқат етказа олмаганини айтди. Ҳозирги кунда етиб борган ёрдам миқдори эса етарли даражада эмас.
Кеча, 23 июль куни 111 та ташкилот, жумладан Mercy Corps, Норвегия Қочқинлар Кенгаши ва Refugees International қўшма баёнот бериб, Ғазода оммавий очлик авж олаётгани, бироқ тонналаб озиқ-овқат, тоза ичимлик суви ва дори воситалари сектор ташқарисида тургани, ёрдам ташкилотлари уларни етказиб бера олмаётганини билдирди.

Исроил март ойи бошидан Ғазога барча етказиб бериш йўлларини тўсган эди, май ойидан бошлаб чекловлар билан қайта очди. Исроил ёрдамга рухсат беришга содиқ эканини таъкидламоқда, аммо уни кузатув остида ушлаш кераклигини айтаяпти, чунки ёрдам “террористлар қўлига тушиб қолиши” мумкин. Яҳудий давлати ушбу уруш даврида Ғазога етарлича озиқ-овқат киритилганини айтмоқда ва фаластинликларнинг азоб-уқубатида ҲАМАСни айбламоқда.
Шунингдек, Исроил БМТни ўз вақтида ҳаракат қилмаётганликда айблади. Исроил ҳукумат матбуот котиби Дэвид Мерсер 23 июль куни шундай деди:
“Ғазо ичида 700 та ёрдам юк машиналари турибди. Улар энди келиб, уларни тарқатиши керак. Исроилни айблашни тўхтатишсин”.
БМТ ва Ғазога ёрдам етказишга уринаётган ташкилотлар эса Исроилни бу жараённи бўғиб қўйганликда айбламоқда. Май ойидан бери ёрдам олиш нуқталарида юзлаб фаластинликлар Исроил аскарлари томонидан ўлдирилган.
“Биз Ғазо ичида ишлаш учун энг минимал шароитларга эга бўлишимиз керак. Энг муҳими шуки, тарқатиш нуқталари ва юк колонналари яқинида қуролли гуруҳлар бўлмаслиги шарт”, деди БМТнинг Жаҳон Озиқ-овқат дастури фавқулодда ҳолатлар директори Росс Смит.
Исроилнинг БМТдаги элчиси Дэнни Данон эса кеча, 23 июль куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида эндиликда Исроил БМТнинг Инсонпарварлик ишларини мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) халқаро ходимларига фақат бир ойлик визалар беришини маълум қилди.
Тинчлик музокараларининг сусайиши
Ғазода уруш қарийб икки йилдан бери давом этмоқда. Шундан бери Исроил Ғазода қарийб 60 000 фаластинликни ўлдирди, ҲАМАСнинг ҳарбий қудратини деярли йўқ қилди, минтақанинг асосий қисмини вайронага айлантирди ва аҳолининг деярли барчасини бир неча бор уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилди.
АҚШ Президентининг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф ҳафта давомида Европага ташриф буюриб, Ғазо уруши ва бошқа масалалар юзасидан музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Ғазо бўйича ўтиш музокаралари ва воситачилик жараёнлари билан яқин таниш бўлган бир фаластинлик расмийнинг “Reuters” агентлигига маълум қилишича, ҲАМАС ўзининг оташкесим бўйича таклифга жавобини воситачиларга тақдим этган, аммо тафсилотлар ошкор қилинмаган.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида 60 кунлик оташкесим таклифлари бўйича музокаралар Қатар ва Миср воситачилигида, Вашингтоннинг қўллаб-қувватлаши билан олиб борилмоқда. Ушбу режа Ғазода ҳали ҳам ушлаб турилган 50 нафарга яқин гаровдаги шахслардан яна бир қисмини озод қилишни ўз ичига олади.
Март ойидаги оташкесим келишувининг бузилганидан бери ўтказилган бир неча босқичли музокаралар ҳеч қандай натижа бермади.
“Гаровдагиларни қайтариш бўйича интенсив музокаралар кетмоқда ва умид қиламанки, яқин кунларда яхши хабар эшитамиз”, деди Исроил Президенти Ицхак Герцог 23 июль куни Ғазога қилган ташрифи чоғида аскарлар билан суҳбатда.
Юқори лавозимли фаластинлик расмий “Reuters” агентлигига маълум қилишича, ҲАМАС Доҳадаги воситачиларга сўнгги таклифларга жавоб тақдим этиши мумкин, бироқ бунинг учун икки муҳим масала юзасидан ўзгартишлар талаб этилади:
- Исроил армиясининг Ғазодан чиқиб кетиши бўйича аниқ тафсилотлар;
- Оташкесим вақтида ёрдам тарқатиш тартиби.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху раҳбарлигидаги ҳукуматда ҲАМАС тўлиқ йўқ қилинмасдан туриб бирор келишувга рози бўлишга қарши бўлган ўта ўнг партиялар мавжуд. Масалан, Исроил молия вазири Бецалель Смотрич “Army Radio” радиостанциясига шундай деган:
“Агар Бош вазирда ожизликни кўрсам, ва ҳудо сақласин, бу жараён ҲАМАС тўлиқ таслим бўлмасдан, балки биз таслим бўлаётгандек тугалланишига ишона бошласам, мен ҳукуматда бир кун ҳам қолмайман”.
Live
Барчаси