Ғазода бошпанасидан айрилганлар сони 600 мингга етди
Олам
−
16 Октябрь 2023
2671Фаластин-Исроил можароси бошланганидан бери Ғазо секторидан кўчирилганлар сони 600 мингга етди. Бу ҳақда БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (ГММБ) маълум қилди.
"Исроилнинг 13 октябрь куни эвакуация қилиш буйруғидан сўнг, Ғазо секторининг шимолидан жанубига [аҳолининг] оммавий кўчиши давом этмоқда. 14 октябрь оқшомига қадар Ғазонинг марказий ва жанубий ҳудудларида 600 мингга яқин кўчирилганлар бошпана топди, уларнинг яшаш шароитлари тобора ёмонлашиб бормоқда”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, 14 октябрдан бери уларнинг сони "сезиларли даражада ўсган", аммо аниқ рақамлар аниқланмаган.
"Одамларнинг доимий ҳаракати туфайли Ғазо шаҳри ва Ғазо шимолидаги ички кўчирилганлар сонини аниқлаб бўлмаяпти", дейилган ГММБнинг бу ҳақдаги изоҳида.
"Ғазодаги барча касалхоналарда 24 соат ишлаш учун етарли ёқилғи бор. Захира қувват генераторлари ишини тўхтатиши минглаб беморларнинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин", дейилади департамент хабарида.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.