Ғазо секторида ўзбекистонликлар асирга олингани ростми?
Олам
−
11 Октябрь 2023
10370Ижтимоий тармоқларда Исроил-Фаластин ҳарбий тўқнашувлар чоғида асирга олинган Ўзбекистон фуқаролари ҳақидаги тасдиқланмаган маълумотлар пайдо бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси расмий баёнот берди.
Маълум қилинишича, элчихонага Исроил ва Ғазо секторидаги можаро ҳудудларида мажбуран ушлаб турилганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаган.
“Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларини Исроилда рўйхатга олиш тезлаштирилган ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилмоқда”, дейилади баёнотда.
Шу муносабат билан элчихона Исроилда яшаётган Ўзбекистон фуқароларига яна бир бор мурожаат қилиб, тезкор алоқа ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўзларининг истиқомат манзиллари тўғрисидаги маълумотларни дипломатик ваколатхонанинг электрон манзилига жўнатишни сўраган.
Элчихонанинг алоқа маълумотлари:
03-672-2466
03-672-2371
03-758-5075
03-758-5076
054-4851397
Элчихона, шунингдек, маълумот олишда ишончли манбаларга таянишни ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраган.
Исроил-Фаластин можароси
Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди.
Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
Сўнгги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида 900 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг ярмига яқини аёллар ва болалар. Исроил томонидан қурбон бўлганлар эса минг нафарга етган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь