Газ “заправка”ларда “ўйин”ларга барҳам бериш учун алоҳида тизим жорий қилинади
Жамият
−
27 Январь 2021
13199Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида (АГТКШ) сиқилган газ сотилиши ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 1070 дан зиёд АГТКШ фаолият юритмоқда. Уларнинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш учун етказиб берилаётган газнинг зарур ҳажмини аниқ ҳисоб-китоб қилиш ва улар ҳар куни автотранспортга қуйилаётган газга оид маълумотларнинг шаффофлигига асосланган бўлиши лозим.
“АГТКШда ўтказилаётган текширувлар давомида газ ўлчаш ускунасига АГТКШ эгаларига “фойда” келтиришга хизмат қиладиган ташқи таъсир ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмоқда. Газнинг бу тарзда талон-торож қилиниши, шунингдек айрим АГТКШларда мижозларни жалб қилиш учун бошқаларга нисбатан нархларни вақтинча камайтириш имконини бериб, бу эса автотранспорт эгаларида реал нархлар борасида янглиш фикрлашига олиб келади ва истеъмолчиларнинг асоссиз норозиликларига сабаб бўлади”, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, сиқилган газ сотилиши ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизими транспортировка вақтида олинаётган ва юборилаётган маълумотларни аниқ ҳисобга олиш, газ оқими кирими ва чиқимини назорат қилиш имконини бергани ҳолда ҳисоб жараёнида инсон омилини бартараф этишга хизмат қилади.
“Бундан ташқари, айниқса, совуқ кунларда уйи АГТКШ яқинида жойлашган истеъмолчилардан доимий равишда газ босими камайиб кетаётганлиги тўғрисида кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Газ тақсимотини мувозанатлаштириш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим жорий этилиши билан мазкур муаммо ҳам бартараф этилади”, дейилган хабарда.
Аввалроқ, 1 февралдан Ўзбекистонда бензин нархи кўтарилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь