Ғарбнинг дунёда ўз гегемонлигини сақлаб қолиш истаги Украина инқирозига олиб келди – Путин
Олам
−
23 Август 2023
6986Россия Президенти Владимир Путин Ғарбнинг ўз гегемонлигини сақлаб қолиш истаги Украинадаги ҳозирги инқирозни келтириб чиқарганини айтди. Бу фикрни у BRICS'га аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувида видеоалоқа орқали гапириб ўтди.
“Таъкидлашни истардимки, айрим давлатларнинг дунёда гегемонликни сақлаб қолиш истаги Украинада оғир инқирозга олиб келди”, дейди Россия раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, аввал Ғарб давлатларининг ёрдами билан бу давлатда конституцияга зид давлат тўнтариши амалга оширилди, кейин эса бу тўнтаришга рози бўлмаган одамларга қарши уруш бошланди.
"Бу можародаги жанглар саккиз йилдан бери давом этмоқда, дейди Владимир Путин.
Унинг иддао қилишича, Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари фақат Ғарб Донбасс аҳолисига қарши бошлаган ҳарбий можарога барҳам беришга қаратилган.
Маълумот ўрнида, BRICS таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка киради. BRICS саммити 22 августдан бошланди ва 24 августгача давом этади. Ушбу саммитда Россия Президенти Владимир Путин видеоалоқа орқали иштирок этмоқда. Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров саммитга борди. Чунки Путин Жанубий Африкага борса ҳибсга олиниши мумкин эди.
Гап шундаки, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди. Шундан сўнг, ХЖСга аъзо бўлган Жанубий Африка ҳукумати Владимир Путинни Йоханнесбургда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этмаслигини сўраган.