Ғарб Украина ўз ҳудудларини қайтариши даргумон деб ҳисоблайди – “El Pais”
Олам
−
05 Февраль
8336Ғарб давлатлари Украинага йўқотилган ҳудудларининг қайтарилиши даргумон эканлигини айтмоқда. Бу ҳақда Испаниянинг “El Pais” газетаси хабар берди.
“АҚШ ва Европа Украинага ҳудудининг Россия босиб олган қисми эвазига хавфсизлигини узоқ муддатга кафолатлаш зарурлигини маслаҳат бермоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, можаро қанча узоқ давом этса, Киев иттифоқчилари унга ёрдам қўлини чўзишлари шунчалик қийинлашади. Хусусан, АҚШда республикачилар ва демократлар ўртасида давомий ҳарбий ёрдам борасида келишмовчиликлар мавжуд. Ҳатто сўнгги пайтларда Президент Жо Байденнинг сўзларида ҳам ўзгариш юз берган. Мисол учун, олдин Байден Вашингтон Киевни ҳар қандай вазиятда, нима бўлишидан қатъи назар қўллаб-қувватлашини айтган бўлса, 2023 йилнинг декабрида у Қўшма Штатлар Украинани қўлидан келганча қурол-яроғ билан таъминлашда давом этишини билдирган.
Маълумот учун, 2022 йилнинг сентябрида аслида Украина ҳудудида бўлган тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек, Запорожье вилоятининг бир қисми Россия таркибига қўшиб олинган. Бундан ташқари, 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилган.
Украина эса Қримни вақтинчалик босиб олинган ҳудуд деб билади ва кўплаб ғарб давлатлари бу масалада Киевни қўллаб-қувватламоқда.
Улканбаева Райҳона
LiveБарчаси