Ғарб давлатлари яна Афғонистонга қўшин юбормоқда. Нега?
Олам
−
13 Август 2021
28541Канада, Буюк Британия ва AҚШ ҳукумати Aфғонистондаги дипломатларини эвакуация қилишда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун Қобулга махсус кучлар юборади. Бу ҳақда “Interfax” нашри маълум қилди.
Қайд этилишича, AҚШ яқин 48 соат ичида Афғонистонга 3 мингга яқин ҳарбийларни юборади. Қўшимча ҳарбий кучларини эса Қобул халқаро аэропортига вақтинча жойлаштиради.
Шунингдек, Буюк Британия ҳам ўзининг 600 га яқин инглиз аскарларини Қобулдаги элчихонасини ҳимоя қилиш учун юбормоқчи. Улар моддий ва техник жиҳатдан Aфғонистонга ёрдам кўрсатади.
Шу ўринда Канада ҳукумати ҳам Қобулга махсус кучлар бўлинмасини юбормоқчи. Улар Канада элчихонаси ходимларини эвакуация қилиш пайтида хавфсизликни таъминлайди.
Қайд этилишича, Aфғонистон Президенти Aшраф Ғани AҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Мудофаа вазири Ллойд Остин билан телефон орқали мулоқот қилган. АҚШ вакиллари “Толибон” ҳужуми вақтида Aфғонистонга ёрдам беришни маълум қилган.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Хосеп Боррел ҳам Aфғонистондаги можарони сиёсий йўл билан ҳал қилишга чақирган.
Покистон Бош вазири Имрон Хоннинг сўзларига кўра, ҳозир можарони сиёсий йўл билан ҳал қилиш ниҳоятда қийин. Чунки “Толибон” ҳаракати раҳбарлари Aшраф Ғани президентлик лавозимида экан, Aфғонистон ҳукумати билан музокара олиб бориш ниятида эмаслигини таъкидлаган.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси