“Гап хушомад қилишда эмас”. Лукашенко “катта оғаси”га миннатдорлик билдирди 

Олам

image

Бугун, 29 декабрь куни Санкт-Петербургдаги Константин саройида Россия Президенти Владимир Путин ва Беларусь Президенти Александр Лукашенко ўртасида навбатдаги музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда. 

Музокараларда Иттифоқ давлати, икки давлат ўртасидаги ҳарбий машғулотлар, Ғарб давлатлари томонидан Минскка жорий қилинган санкциялар, МДҲ давлатлари раҳбарлари саммити якунлари ҳақида сўз борган. 

Иттифоқ давлати ҳақида 

Учрашувда Россия раҳбари ўтган йил давомида иттифоқ давлати доирасидаги интеграция соҳасида иқтисодиёт, молия, божхона ва фискал қонунчиликда ижобий натижаларга эришилганини таъкидлади. 

“Афсуски, 2020 йилги пандемия йилида бизда товар айирбошлаш ҳажми деярли 17 фоизга қисқарди. Лекин бу йил деярли 36 фоизга ўсди. Яъни, биз йўқотган ҳамма нарсани қопладик ва деярли икки баробар қўшдик”, деган у. 

Ҳарбий машғулотлар ҳақида 

Бундан ташқари, Россия раҳбари икки давлат ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш режалари ҳақида гапирган. 

“Биз уни йил бошида ўтказамиз, ҳарбийлар март-февралга рози бўлишди, қачонга қарор қилишларини билмайман”, деган Путин. 

“Кераксиз санкциялар” 

Лукашенко Ғарб давлатлари томонидан Минскка жорий қилинган санкциялар доирасида Беларусга кўрсатган ёрдами учун Путинга миннатдорлик билдирган. 

“Гап хушомад қилишда эмас. Гап шундаки, биз таклиф қилсак ёки илтимос қилсак, сиз маълум одамларга кўрсатма берасиз, улар жавоб беришади. Россия компаниялари, ҳукумати ва банклари бу оғир санкциялар даврида бизни қўллаб-қувватлайди. Бизни “бўғиш”да давом этишмоқда. Бешта пакетни тақдим этишди, олтинчи пакет ҳақида гапиришмоқда. Бу санкциялар “ақлсиз”, ҳеч кимга керак эмас”, деган у. 

МДҲ давлатлари раҳбарлари саммити якунлари ҳақида 

Беларусь Президенти кеча МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитига келди. Унда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Президентлар Илҳом Алиев (Озарбайжон), Қосим-Жомарт Тўқаев (Қозоғистон), Садир Жапаров (Қирғизистон), Имомали Раҳмон (Тожикистон), Гурбангули Бердимуҳамедов (Туркманистон), Шавкат Мирзиёев (Ўзбекистон) ва Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев иштирок этди. 

Лукашенко ушбу учрашув натижаларини юқори баҳолади. 

“Бу жуда яхши воқеа бўлди — самимий, илиқ. Биз яна бир бор кўрдикки, постсовет республикалари, шу жумладан Беларусь ҳам атрофимиздаги вазиятни жуда яхши тушуниб, жаҳон сиёсатининг барча нозик томонларини тўғри йўлга қўйган. Россияга раҳмат”, деган у. 

Унинг фикрича, бу мазкур форматдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини беради. 

“Жуда катта силжиш, мен бу борада аллақачон тажрибали одамман, бизнинг бирлигимиз муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлида бўлди”, деган у. 

Маълумот ўрнида, бу йил ҳисобида Лукашенко олти бор Путин билан учрашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин Лукашенко

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг