Шунча бўлурми ҳай-ҳай? Лукашенко олтинчи марта Путиннинг ҳузурига боради
Олам
−
25 Декабрь 2021
8299Жорий йилнинг 28-29 декабрь кунлари Беларусь Президенти Александр Лукашенко МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этиш учун Санкт-Петербургга амалий ташриф билан боради, унинг 29 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиши режалаштирилган. Бу ҳақда Беларусь раҳбари матбуот хизмати хабар берган.
“28 декабрь куни Беларусь Президенти Санкт-Петербургда МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этади”, дейилади хабарда.
Матбуот хизматининг қўшимча қилишича, ушбу саммитда давлат раҳбарлари Беларуснинг 2021 йилда Ҳамдўстликдаги раислиги якунларини сарҳисоб қилади, умумий муаммоларни ҳал этиш бўйича фикр алмашади, ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва мамлакатларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кейинги чора-тадбирларни муҳокама қилади.
“Бўлажак йиғилиш декабрь ойида МДҲ ташкил топганига 30 йил тўлиши билан ҳам аҳамиятлидир”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Беларусь раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Лукашенко ва Путиннинг учрашуви 29 декабрга белгиланган. Ушбу учрашув жорий йил ҳисобида олтинчиси ҳисобланади.
“Давлат раҳбарлари Беларусь-Россия ҳамкорлигининг долзарб масалаларини муҳокама қилади”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, 13 декабрь куни Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ва Беларусь раҳбарларининг “Янги йил олдидан” бўлажак учрашувини эълон қилган, бироқ аниқ санани айтмаган. Путин ва Лукашенконинг аввалги юзма-юз учрашуви 9 сентябрь куни Москвада бўлиб ўтган, ўшанда улар Москва ва Минскнинг кейинги интеграциясини белгиловчи 28 та иттифоқ дастури бўйича келишиб олган эди.
Лукашенко ва Путин жорий йилнинг 9 сентябрь куни Кремлда музокара ўтказганди. 13 июль куни эса икки давлат раҳбари Санкт-Петербург шаҳрида музокаралар ўтказди. Беларусь Президенти 28 май куни Сочига ташриф буюриб, 3 кун Президент Путин ҳузурида бўлди. Жорий йилнинг апрель ойи охирида ҳам Лукашенко Путин билан учрашиш учун Россияга борди. 22 февралда ҳам Россия ва Беларусь Президентлари ўртасида Россияда олти соатдан кўпроқ учрашув ўтказилганди.