Гагарин ҳайкали олдида ҳам рухсатсиз таъмирлаш бошланди. Иш бошида яна “Mimar Group”
Жамият
−
16 Февраль 2022
6511Тошкентда яна бир маданий мерос объекти ҳудудида буз-буз ишлари бошланди. QALAMPIR.UZ’га етиб келган маълумотларга кўра, Чилонзор туманидаги Юрий Гагарин ҳайкали атрофидаги брусчаткалар кўчириляпти.
Манбамизга кўра, лойиҳа бошида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқадор экани тахмин қилинадиган “Mimar Group” МЧЖ турибди.
Режадаги ишларга кўра, ҳайкал атрофи ободонлаштирилади. Лойиҳа суратларига қараганда, ҳайкал ёнидаги катта дарахтлар ҳам кесилади, шунингдек, ҳайкал жойлашган кўчадаги пиёдалар йўлаги плиталари ҳам ўзгартирилади. Бу ўзгаришлар яхши, агарда қонуний бўлса...
Давлат мулки ҳисобланувчи ва 1962 йилда қурилган Гагарин ҳайкали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти сифатида эътироф этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сонли қарорининг 5-иловаси билан Маданий мерос агентлиги қошида Илмий-эксперт кенгаши 6-иловаси билан Илмий-эксперт кенгаш низоми тасдиқланган бўлиб, Низомига кўра моддий-маданий мерос объектларида олиб борилиши кўзда тутилган барча қурилиш, таъмирлаш, реставрация ишларига ушбу Кенгаш хулосасига асосан рухсатнома берилгандан сўнг амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонуннинг 10-моддасида:
- моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерларда ҳамда уларга туташ ҳудудларда ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларни, моддий-маданий мерос объектларини асраш бўйича ишларни амалга ошириш, шунингдек, моддий-маданий мерос объектларида илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказиш учун рухсатномалар бериш – белгилаб қўйилган.
Биз "Mimar Group" МЧЖ лойиҳани тасдиқлатган ёки тасдиқлатмаганини билиш учун агентлик билан боғландик. Агентлик вакили МЧЖ лойиҳани ваколатли идора Илмий кенгаши тасдиғидан ўтказмаганини маълум қилди. (!) Яна ўша аҳвол. Аввал бузилади, ҳамма иш қилиб бўлинади. Кейин отангга бор, онангга бор. Агар шу ишни оддий фуқаро қилса борми, кўринг томошани. Кимдир аввал ҳужжатларни расмийлаштирмай туриб, қурилиш қилса, ҳокимлик ўша қурилишнинг устига бульдозер тортади. Кунми, тунми, фарқи йўқ. Лекин ҳокимликка келганда ҳеч ким миқ этмай, нима бўлишини кутиши керак.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Космонавтлар майдони Владимир Жонибеков ҳайкали олдидаги гранит плиталар бузиб ташланаётгани ҳақида эътирозли хабарлар тарқалгани, қурилиш Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонининг рухсатисиз бошлангани, шу боис “MIMAR GROUP” МЧЖга огоҳлантириш хати берилгани ҳақида хабар берган эдик.
Мунозаларга сабаб бўлган ҳолат бўйича кеча, 15 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги Космонавтлар майдонида бошланган таъмирлаш ишлари ҳақида маълумот берди. Аммо, ҳокимлик бу таъмирлаш ишларининг нима сабабдан ўзбошимчалик билан бошлангани ҳақида лом-мим демади.
Кейинроқ Яккасарой тумани ҳокими маданий мерос объектида ишларни бошлаб юборгандан кейин қонуний рухсат олиш ҳаракати бошланганини тушунмовчилик деб изоҳлаб қўя қолган.
Катта баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Бош вазир Абдулла Арипов, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам Космонавтлар майдонига етиб борган. Шунда маълум бўлдики, лойиҳа бюджет маблағидан эмас, AKFA компанияси томонидан молиялаштирилган. Энди навбатдаги масала кун тартибига чиқди: AKFA компаниясининг бу ҳотамтойлиги ортида нима турибди.
LiveБарчаси