Гаага суди Россия устидан иш бошлади. Путин ва Лукашенко ҳам четда қолмаслиги мумкин
Олам
−
28 Февраль 2022
13394Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган БМТнинг Халқаро Судига Литва ҳукумати Россия ва Беларусь устидан ариза киритиши маълум қилинди.
Литва Адлия ва Ташқи ишлар вазирликлари Халқаро Суддан Россия ва Беларусь раҳбарлари Владимир Путин ҳамда Александр Лукашенконинг украин халқига нисбатан юриётган сиёсий фаолиятини жиддий тергов қилиб, уларни жавобгарликка тортишни сўрамоқчи.
Литва ТИВ раҳбари Эвелина Доброволсканинг таъкидлашича, икки давлатнинг шавфқатсиз сиёсати устидан зудлик билан Халқаро Суд жиноий иш қўзғаб, украин халқининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимояга олиши керак.
“Мен кеча Украина Адлия вазири Денис Малюск билан телефонда суҳбат қилдим. Суҳбат давомида биз украин халқини қўллаб-қувватлашимизни билдирдим ва Литва ҳукумати Рим статути (Халқаро жиноий судни ташкил этиш тўғрисидаги халқаро шартнома)га кўра, Гаага трибуналининг прокурорига мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланишини айтдим”, деган Ташқи ишлар вазири.
Унинг қўшимча қилишича, Украинага халқаро суддаги иш юзасидан Литва Адлия вазирлиги ҳам яқиндан ёрдам беради.
“Шунингдек, мен Литва Адлия вазирлигига Украинага ҳар томонлама, адвокатлардан тортиб, керак бўлиши мумкин бўлган барча ҳолатларда яқиндан ёрдам беришни таклиф қилдим”, дея билдирган Доброволска хоним.
Мамлакат Адлия вазирлиги эса Украинадаги вазият юзасидан инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ керакли далиллар ва ҳужжатларнинг тўплагани, ҳамда, уларни жиноий иш очиш учун Халқаро Судга юборилишини маълум қилган.
Аввалроқ Украина Россия устидан БМТ қошидаги Халқаро Гаага судига шикоят аризаси киритгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу суд иши, Халқаро Терроризмни молиялаштириш тўғрисидаги ҳамда Ирқий камситишларга барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияларга мувоқиф кўриб чиқилиши билдирилмоқда.
Ҳозирча суд иши ҳақида очиқ маълумот берилгани йўқ, аммо Украина Президентининг твитидан маълум бўлишича, Украина ва Россия БМТ таркибидаги судда Халқаро Геноцид конвенциясининг IХ бандида келтирилган айбловлар юзасидан судлашади.
LiveБарчаси