G7 саммити: буюк давлатлар дунёга қарийб 1 млрд доза вакцина ваъда қилди

Олам 2297
image

“Катта еттилик” (G7) давлатлари ривожланаётгани давлатларга 870 млн доза коронавирусга қарши вакцина ажрадати. Йирик давлатлар Буюк Британиянинг Корнуолл шаҳрида бўлиб ўтган саммитда шундай қарорга келган.

Улар шу йил охиригача ваъда қилинган дозаларнинг камида ярмини таъминлашга ваъда беришди. Вакцина ЖССТ ва COVAX механизми орқали муҳтож давлатларга етказилади.

Маълумот учун, COVAX камбағал мамлакатларга вакциналарни бепул ёки арзонлаштирилган нархларда олиш имкониятини берадиган ЖССТ ҳомийлигидаги халқаро механизмдир.

“Мамлакатлар тезда ваъдаларини ҳақиқатга айлантиришига умид билдирамиз. Бу пандемиянинг ўткир босқичини тугатади, вируснинг янги мутацияларининг пайдо бўлишини чеклайди. Мазкур ишлар катта хавф остида бўлган одамларни ҳимоя қилишга интилишдаги глобал бирдамликдир”, дейди Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI) Бош директори Сет Беркли.

UNICEF раҳбари Ҳенриетта Форега кўра, G7 раҳбарларининг ваъдалари ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Унинг таъкидлашича, 2021 йилда ўтган йилга қараганда кўпроқ одам вафот этиши мумкин. 

“Агар биз шошилинч чоралар кўрмасак, одамларни йўқотишда давом этамиз. COVID-19 вакциналарининг тенг тақсимланиши ҳаммамиз учун, шу жумладан болалар учун ҳам ушбу пандемиядан қутулишнинг энг самарали усули ҳисобланади”, дейди Форе. 

ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус дунё пандемия устидан ғалаба қозониши учун кўп вақт кетишини таъкидлаб ўтди. Чунки кўплаб мамлакатларда бу касаллик кескин ўсиб бормоқда. Айниқса, биринчи навбатда вакцина етишмовчилигини бошдан кечираётган мамлакатларда.

“Вакциналарни дунё миқёсидаги бойлик деб ҳисоблаш кераклиги менга бошиданоқ аниқ эди. Демак, улар мавжуд ва бепул бўлиши керак. Уларни ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш ва адолатли тақсимлаш зарур. Вирус ёнғин каби тарқалса ва мутацияга дучор бўлса, уни енгиб бўлмайди”, дейди БМТ раҳбари Антионио Гутерриш.

Эслатиб ўтамиз, "катта еттилик" давлатлари раҳбарларининг саммити 11-13 июнь кунлари Британиянинг Корноулл графлигида ўтказилди.

Аввалроқ, саммит вақтида АҚШ Президенти Жо Байден Буюк Британия қироллик оиласининг протоколини бузгани хабар қилинганди.

 

Исломжон Омонжонов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 2.9
t
×