G7 давлатлари Россия энергетика секторига қарши чора кўрмоқчи – “Reuters”
Олам
−
15 Май 2023
3906G7 давлатлари етакчилари Россиянинг энергетика секторига нисбатан санкцияларни кучайтириш, аксилроссия чекловларини айланиб ўтишни тўхтатиш, шунингдек, экспорт чекловлари бўйича янги чораларни эълон қилиш ниятини билдирди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Агентликнинг расмийлар орасидаги манбаларига кўра, G7 давлатлари раҳбарлари жорий йилнинг 19-21 май кунлари Японияда бўлиб ўтадиган йиғилишда учинчи давлатлар иштирокидаги санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш, Россия Федерациясининг энергетика сектори ва Қуролли Кучларини қўллаб-қувватлайдиган савдони чеклаш каби янги чораларни эълон қилиши мумкин.
Нашрда аниқлик киритилишича, америкалик расмийлар G7дан Россияга экспорт қоидасини ўзгартиришни кутмоқда.
Янги қоидаларга кўра, ҳеч бўлмаганда айрим тоифадаги товарлар учун, агар улар тасдиқланган товарлар рўйхатига киритилмаган бўлса, барча экспорт автоматик равишда тақиқланади.
Материалда айтилишича, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти илгари G7 аъзоларидан санкцияларга ёндашувни ўзгартириш учун розилигини сўраган. Бу эса бугунги кунда Россияга барча товарларни, агар улар аниқ қора рўйхатга киритилмаган бўлса, сотишга рухсат беради.
Маълумот ўрнида, Япония бу йил G7 давлатлари йиғилишига раислик қилади. G7 саммити Хиросимада 19-21 май кунлари бўлиб ўтади. Шунингдек, ушбу йиғилишга Австралия, Бразилия, Вьетнам, Ҳиндистон, Индонезия, Кук ва Комор ороллари иттифоқи ва Жанубий Корея раҳбарлари ҳам таклиф этилган.
LiveБарчаси