ФВВ сохта “пожарный” ходимларидан огоҳлантирди
Жамият
−
29 Ноябрь 2023
8321Ўзбекистон бўйлаб махсус кийим-бошдаги шахслар ўзларини “давлат ёнғин назорати органи (“пожарный”) ходими” сифатида таништириб, фуқаролардан “йиллик тўлов” қабилида турли миқдордаги пул маблағларини ундириб олаётгани кузатилмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Вазирлик юқорида айтиб ўтилган шахсларнинг ФВВ фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, шу билан бирга, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслигини маълум қилган.
“Ҳозирда юртимизнинг турли ҳудудларида фавқулодда вазиятлар, ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Уларнинг низомларида ҳам фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш юзасидан аҳолига хизмат кўрсатиш вазифалари белгиланган”, дейилади хабарда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаролардан бу борада қуйидагиларга эътибор қаратишни сўраган:
- ўзини ФВВнинг қуйи тизимларига ўхшаш ташкилотлар номлари билан таништирган шахслардан, биринчи навбатда, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишини талаб қилиш;
- уларнинг фаолият тури ҳамда қандай хизматлар кўрсатишига аниқлик киритиш;
- улар томонидан таклиф қилинадиган хизматларни бажариш фақат фуқаронинг розилиги асосида амалга оширилиши мумкинлигини унутмаслик.
“Агар, хизмат кўрсатмасдан ва сиз ёки оила аъзоларингизни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишларни бажармасдан, сиздан мажбурий тартибда тўлов талаб қилинса, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишингиз мумкин”, дейилади ФВВ баёнотида.
LiveБарчаси