Андижондаги тошқин бартараф этилди
3-саҳифа
−
09 Май
6643Кеча, 8 май куни Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида “Сарвонтепа” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона канали қирғоқларининг бирига шикаст етгани оқибатида кўчаларни сув босгани ҳақида хабар берилганди. Каналнинг сув тошган қисми тўлиқ мустаҳкамланди ва сув тошқини бартараф этилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, каналга катта миқдорда сув келиши оқибатида каналнинг пикети ўнг қирғоғининг 30 метр қисми емирилиб, маълум миқдорда сув сизиб чиқиш ҳолати кузатилган. Содир бўлган вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида штаб ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилган.
Бу борада ҳудудий ФВБ томонидан ФВДТнинг қуйи тизимига кирувчи хизматлар билан ҳамкорликда каналнинг емирилган қисмида муҳандислик-ҳимоя ишлари, хусусан, 2250 метр/куб шағал ва 900 метр/куб харсангтош олиб борилиб, сув тошган қисми тўлиқ мустаҳкамланган ва сув тошқини бартараф этилган.
ФВВ берган хабарга кўра, тошқин оқибатларини бартараф этишга жами 135 та оғир-муҳандислик ва 223 та махсус техникалар ҳамда 890 нафар ишчи ходимлар жалб этилган. Зарар кўрган хонадонларнинг ҳовлиси, томорқалар ва ертўлаларида тўпланган сувлар чиқариб ташланган. Шунингдек, ички йўллар тўпланган лойқалардан тозаланган, йўлларга шағал ётқизиш ишлари амалга оширилган. Аҳоли хонадонларининг ҳовлилари йиғилган чиқиндилардан тозаланган ҳамда уларда дезинфекция ишлари олиб борилган. Юзага келган вазият оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Аммо сал ўтиб ФВВ постни ўчирди. Янги эълон қилинган хабарда эса юқорида келтирилган маълумотлар берилмади.
Маълумот учун, сув тошқини кузатилиши биланоқ вилоят Норин-Қорадарё ирригация тизимлари бошқармаси томонидан канал орқали сув оқими тўлиқ тўхтатилганди. Ўзгидромет берган хабарга кўра, тошқинга ГЭС қурилиши сабаб бўлган. Каналга юборилган сув сарфи тахминан 15 секундига метр кубни ташкил этган. Талафотлар бўйича икки ташкилот икки хил маълумот берди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жами 100 га яқин, шундан 30 хонадоннинг ичкарисига, 70 та хонадоннинг эса томорқасига сув кирганини айтган бўлса, Гидрометеорология хизматига кўра, талафот кўрган хонадонлар сони 560 тани ташкил қилган. Бироқ кейинчалик Ўзгидромет маълумотларни таҳрирлади ва талафот кўрган хонадонлар сони 100 та эканини маълум қилди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна ошди.
15 Июль
Москва яна сув остида қолди.
15 Июль