Аномал “қотил” ёнғинлар сабабчиси

Таҳлил

Сўнгги кунларда Ўзбекистон ҳудудида, хусусан Тошкент шаҳрида ёнғинлар сони кўзга кўринарли даражада ошди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, пойтахтда 10 кун ичида 35 та ёнғин ҳолати қайд этилган.

Ёнғинларнинг сабаблари турлича, бироқ уларнинг аксарияти аҳолининг электр хавфсизлигига лоқайд муносабати туфайли содир бўлмоқда. Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбарининг айтишича, ёнғинларнинг 15 таси хонадонларда, 6 таси корхоналарда, 14 таси эса бошқа омиллар натижасида юзага келган.

“Кўп ҳолларда одамлар таъмирлаш вақтида электр симларини янгиламайди. Малакали уста чақирмай, ўз билганича сим ўтказади. Бу эса ёнғин хавфини кескин оширади. Айниқса, бир вақтнинг ўзида бир нечта кучли электр жиҳозларининг ишлатилиши симларда ортиқча юкланишга олиб келади,” дейди бошқарма вакили.

Мутахассисларнинг фикрича, кондиционер, дудбурон ва бошқа жиҳозларнинг бир вақтнинг ўзида ишлатилиши электр тармоқларида ҳаддан ташқари юкланишга сабаб бўлади. Агар симлар сифатсиз бўлса ёки автоматик ўчиргичлар мавжуд бўлмаса, бу ҳолат ёнғинга олиб келади.

Очиқ майдонлар ва автомобиллар ҳам хавф остида

Иссиқ кунлар бошланганидан бери очиқ майдонлардаги ёнғинлар сони ҳам ошган. Дам олишга чиққан фуқароларнинг пикник вақтида ўтин ёқиб, уни ўчирмасдан тарк этиши оқибатида қуруқ ўтлар ёнмоқда.

“Биргина тамаки қолдиғи ҳам қуруқ ўтларнинг ёнишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис ҳайдовчилардан ҳам эҳтиёт бўлиш сўралмоқда”, дейди Фавқулодда вазиятлар ходими.

Бундан ташқари, автомобилларда ҳам ёнғин хавфи кучайган. Қуёш остида қолган қувватлагичлар, ойнадан қайтган ёруғлик, ичкарида қолган пластик идишлар ёки сувли бутилкалар линза каби нур тўплаш хусусиятига эга бўлиб, машина ичида ёнғинга сабаб бўлиши мумкин.

“Бугунги кунда Тошкентда “Долзарб 30 кун” тадбири бошланган бўлиб, бу жараёнда аҳолига ёнғин хавфсизлиги бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Тадбир давомида корхоналар ва жамоат жойларида ҳам хавфсизлик чораларининг бажарилиши қатъий назорат қилинади”.

Ёзнинг илк иссиқ кунларидаёқ қайд этилган ўнлаб ёнғин ҳолатлари шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг ёнғин хавфсизлиги бўйича саводхонлиги ва ҳушёрлиги ҳануз етарли даражада эмас. Ҳар бир фуқаронинг оддий эҳтиётсизлиги – бу нафақат мол-мулк, балки инсон ҳаёти учун ҳам хавф туғдириши мумкин. Шу боис ўзингизни ва яқинларингизни асранг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг