Футболдаги инқилоб – Спорт дайжести

Таҳлил

Ортда қолаётган ҳафтанинг 3-куни ўзбек спорти учун муҳим воқеалар билан ёдда қолди. Бир тарафдан ўзбек футболчиси расман дунёнинг энг топ жамоаларидан бирига бориб қўшилган бўлса, иккинчи тарафда Ўзбекистонда футбол спорт турининг негизи ҳисобланган ташкилотда катта ўзгаришлар бўлиб ўтди ва ундан ташқари Жаҳон чемпионати саралаши ўз кульминациясига яқинлашган бир даврда мамлакатнинг бош футбол жамоаси мураббийлар штабида ҳам ўзгариш кузатилди.

Ассалому алайкум. Йирик трансферлар, ЎФА ўзгаришлар ва бошқа бир қатор муҳим жиҳатлар билан ёдда қолган ҳафта спортига оид тренддаги мавзулар билан QALAMPIR.UZ’да Спорт дайжести.

Ниҳоят, “Манчестер Сити” Ҳусанов трансферини эълон қилди 

Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов трансферини эълон қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

20 январь куни марказий ҳимоячи тиббий кўрикдан ўтди ва клуб Ҳусановни ўз футболчиси сифатида таништирди. 
Маълумот ўрнида, “шаҳарликлар” Абдуқодир Ҳусановни “Ланс”дан бонусларни ҳисобга олганда 50 миллион еврога сотиб олди. Томонлар ўртасидаги шартнома 4,5+1 схемасида тузилди. 

Ҳусанов “Ман Сити” либосида илк марта интервью берди 

Англиянинг “Манчестер Сити” футболчисига айланган ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов клуб матбуот хизматига интервью бериб, Англияга соврин ютгани келганини билдирди. 

“Мен жудаям хурсандман бу жамоага қўшилганимдан. Бу клуб дунёнинг энг яхши жамоаси. Мен бу ерга соврин ютгани келдим. Бу жамоа катта жамоа. Мураббийи энг яхши мураббийлардан бири. Шунинг учун келдим”, дейди Ҳусанов.

Ҳусанов футболга қандай кириб келганига ҳам изоҳ бериб, фаолияти қандай ривожланиб борганига ҳам изоҳ берди. 

“Дастлаб, “Тошкуч” жамоасида бошлаганман. Ундан “Бунёдкор” академиясига ўтганман. Профессионал фаолиятимни Беларусда бошлаганман. 18 ёшимда Францияга келдим. Мана энди Англиядаман”, дейди Ҳусанов.

Футболчи янги клубида нега айнан 45-рақамни танлаганини ва нега айнан таклифлар орасидан "Сити" вариантига тўхталганини ҳам очиқлади.

“Беларусдаги фаолиятимда 45-рақам остида тўп тепганман. Шунинг учун 45-рақамни олдим. Аввал айтганимдек, энг яхши жамоа, мураббий ва чемпионат бўлгани учун. “Манчестер Сити” ўйинларини болалигимдан кўриб келганман. Ўйин услуби ўзгача, кўпчиликникига ўхшамайди. Чунки мен ҳар доим энг яхшисини танлаганман. Ҳозир ҳам энг яхшилар билан ишлаш учун келдим. Мен қийинчиликларни кўриб катта бўлганман. Буёғига ҳам тўхташ йўқ. Мен учун, балки бутун Ўзбекистон учун биринчи АПЛ футболчиси. Бу жараён ҳали давом этади”, дейди Ҳусанов.

Суҳбат давомида 20 ёшли футболчи Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026 чиқиш имкониятини ҳам баҳолади. 

“Бизда футболга бўлган эътибор кундан кунга ортмоқда. Ҳамма бизни Жаҳон чемпионатига чиқишимизни хоҳлаяпти ва ўйлаяпти.Чиқишимизга бир қадам қолди”, дейди футболчи.

Ҳусанов, шунингдек, отаси билан боғлиқ саволга ҳам жавоб қайтарди. 

“Дадамнинг футбол ўйинларини кўриб турардим ва менда ҳам шу спорт турига қизиқиш бошланган ва ҳозирги даражага чиқишимда дадам катта роль ўйнаган. Ҳар машғулотдан кейин, ўйиндан кейин хато ва камчиликларни ўтириб таҳлил қиламиз”, дейди футболчи.

“Манчестер Сити”даги барча футболчилар Ҳусановни жамоада кўришдан мамнун – клуб спорт директори

Англиянинг “Манчестер Сити” клуби спорт директори Чики Бергистайн ўзбекистонлик футболчи ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда у футболчи таништируви юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.

“Шаҳарликлар” спорт директори футболчининг юксак салоҳиятга эга эканини таъкидлаб, “Манчестер Сити”га кўчиб ўтганидан хурсандлигини билдирди.

“Биз Абдуқодирни сафимизга қўшиб олганимиздан хурсандмиз. Унинг жамоамиз ривожига ҳисса қўшишини сабрсизлик билан кутяпмиз. Ҳусанов жуда ақлли футболчи, кучли агрессив ва ниҳоятда тезкор. Гвардиола билан ишлаш уни янада кучлироқ қилади. У билан гаплашиб, доимо ўз устида ишлашга қарор қилганини тушундим. Унинг келиши Европадаги энг яхши жамоалардан бири сифатида ўз мавқейимизни мустаҳкамлаш учун ажойиб имконият. “Манчестер Сити”даги барча футболчилар Абдуқодир Ҳусановни жамоада кўришдан мамнун”, дейди Бергистайн.

Маълумот ўрнида, ўзбекистонлик футболчи янги жамоасида 45-рақам остида тўп тепади ва у ўзбек футболчилари орасида илк АПЛда ўйнайдигани бўлди. АПЛда футболчилари ўйнаган давлатлар сони 119 тага етди.

Абдусалом Азизов ЎФА раҳбарлигидан кетди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов лавозимидан озод этилди.  Унинг вазифалари эса ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов зиммасига вақтинчалик юкланди. Бу ҳақда ЎФА хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 февраль куни навбатдан ташқари сайлов конгресси бўлиб ўтади ва ўша куни ассоциацияга янги раҳбар сайланади.

Маълумот учун, Абдусалом Абдумавлонович Азизов 1960 йилнинг 20 январида Тошкент шаҳрида туғилган. У Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясини тамомлаган.  2003-2006 йилларда “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси бошқарув раиси, 2006-2008 йилларда “Ўзбекнефтмаҳсулот” АК бош директори, 2008 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, 2008 йил декабрдан 2009 йил декабргача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, шу билан бирга Ўзбекистон футбол федерациясининг вице-президенти, 2009 йилдан 2017 йилгача Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 2017 йил январдан сентябргача Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, 2017 йил сентябрдан 2019 йилгача Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, 2019 йилдан 2024 йилгача эса ДХХ раиси лавозимларида фаолият юритган.  У 2017 йилда генерал-майор, 2019 йилда генерал-лейтенант ҳарбий унвони билан тақдирланган. 
Катанец Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлигидан кетди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи Сречко Катанец соғлигидаги муаммо сабаб, истеъфога чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Манбага кўра, ташкилот Катанецнинг соғлигидаги муаммолар сабаб, тузилган шартномани ўзаро розилик билан бекор қилди.

Словениялик мутахассис ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаганини афсус билан қайд этди. Доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ассоциацияга ўз миннатдорлигини билдирди. Терма жамоага Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида омад тилади.

ЎФА ва Сречко Катанец ўртасидаги шартнома ўзаро дўстона муносабатларни сақлаган ҳолда бекор қилинди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси миллий терма жамоа бош мураббийи лавозимига муносиб номзодни тайинлаш борасида иш олиб бормоқда.
Кападзе Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи этиб тайинланди

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасини Олимпиадага олиб чиққан мутахассис Темур Кападзе миллий терма жамоа мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди. 

Қайд этилишича, ЎФА миллий терма жамоа бош мураббийлиги учун бир қатор номзодларни ўрганиб чиққан ва таҳлил қилган. 

“Маҳаллий ва хорижлик тажрибали мутахассислар билан музокаралар ўтказилди. Шу билан бирга, мураббийлар кенгаши томонидан тақдим этилган тавсиялар ҳам батафсил кўриб чиқилди”, дейилади хабарда. 

Маълум қилинишича, Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига оз вақт қолганини ҳисобга олиб, жамоа ва футболчилар билан яқиндан таниш бўлган, узоқ йиллар давомида миллий терма жамоа сафида тўп сурган ҳамда бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борган, шунингдек, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси билан тарихий натижага эришган Темур Кападзе номзоди илгари сурилган. 

“Ҳозирги юзага келган ҳолатда ЎФА айнан Кападзенинг мураббийлик истеъдоди, масъулияти, жамоа аъзолари орасида мавқеи, қолаверса доимо юқори мақсад сари интилиш каби жиҳатлари орқали муҳим учрашуарда ижобий натижа кўрсатишига ишонади”, дейилади хабарда. 

Айни кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарда йиғин ўтказмоқда. Темур Кападзе ушбу йиғинга қўшилиб, жамоа бошқарувини қўлга олади.

Маълумот учун, Темур Кападзе Ўзбекистон U-23 терма жамоасини Париж-2024 Олимпиадасига олиб чиққан. Шунингдек, у мазкур жамоа билан Осиё кубоги кумуш медалини қўлга киритган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ЎФА Манчестер Сити футбол Англия Темур Кападзе Сречко Катанец Абдуқодир Ҳусанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг