Футбол клубларига машғулотларни бошлашга рухсат берилди – ЎзПФЛ
Спорт
−
30 Май 2020
4915Ўзбекистонда профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга рухсат этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ЎзПФЛ юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда миллий чемпионат баҳсларини давом эттириш бўйича ўз режаларини ишлаб чиққани ва буни Суперлига клублари бош мураббийлари билан муҳокама қилган.
“ЎзПФЛ бунга қадар Суперлига ўйинларини 5 июндан бошлаб тиклаш режаларини ишлаб чиққанди. Бироқ бу режага расман рухсат этилиши учун бир неча кун керак бўлди. Шундан ва клубларнинг машғулотларни тўлақонли бошлаб улгурмагани, қолаверса чемпионат рестарти олдидан футболчилар ўз формаларини тиклаши учун бироз вақт керак эканлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон чемпионати айнан қайси санадан старт олиши бўйича алоҳида маълумот берилади”, дейилади ташкилот ахборотида.
Таъкидланишича, ЎзПФЛ расмий учрашувларнинг бошланиш санасини алоҳида маълум қилади.
“Айни вақтда биз учун энг муҳими – эндиликда машғулотларни расман давом эттириш мумкин. Узоқ вақт амалиётсиз қолган футболчилар ўз формасини тиклаб олмасдан туриб ўйинларга киришса, табиийки, жароҳатлар ҳам авж олади. Шу сабабдан расмий учрашувларнинг айнан қачондан давом эттирилиши борасида ЎзПФЛ алоҳида маълумот беради”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 5 июндан Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини томошабинлар иштирокисиз давом эттиришга рухсат берилди.
LiveБарчаси