Француз-италян авиаконцерни Ўзбекистон бозорига кирмоқчи

Жамият 885
image

Француз-италян “ATR” авиаконцерни Ўзбекистон бозорига кириш ниятида. Компания Ўзбекистонга минтақавий самолётлар етказиб беришни кўзлаяпти. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида “ATR” француз-италян авиаконцернининг Россия Федерацияси ва Марказий Осиёда савдолар бўйича вице-президенти Жером Габори бошчилигидаги делегация билан ишчи учрашув бўлиб ўтди.

Чет эллик ҳамкорлар “ATR” компаниясининг маҳсулотлари тақдимотини ўтказди, хусусан “ATR Aircraft” компаниясининг маркетинг бўйича менежери Анжули Девилд “ATR 72-600” минтақавий самолётининг техник параметрлари ва иқтисодий кўрсаткичлари борасида батафсил маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, ушбу турдаги ҳаво кемалари ёқилғи сарфлашда тежамкорлиги борасида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Музокаралар якунида “ATR” компанияси томонидан ташкил этилиши кўзда тутилаётган ҳамкорликнинг иқтисодий тафсилотлари, техник жиҳатлари, жумладан, учувчи таркиб ва техник ходимларни ўқитиш, шунингдек эҳтиёт қисмларни етказиб бериш ва техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олган батафсил таклифлар тайёрланиши тўғрисида келишувга эришилди.

ATR – 1981 йилда Aérospatiale ва Aeritalia компаниялари томонидан асос солинган француз-италян авиация техникаларини ишлаб чиқарувчи концерн. Компания минтақаваий турбовинтли ATR 42 ва ATR 72 самолётларини ишлаб чиқаради.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 12
Рейтинг: 3.1
Будьте в курсе событий!
×
×