Франциядаги тартибсизликларни тасвирга олиш чоғида бир неча журналист яраланди
Олам
−
01 Июль 2023
5203Францияда журналистлар тартибсизликларни суратга олиш вақтида ҳужумга учради ва жиҳозларига зарар етказилди. Тегишли баёнотлар бир қатор оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинди.
“Кеча кечқурун “Le Point” журнали фотографи Хан Рено Нантердаги воқеаларни ёритаётганда ўнлаб безорилар томонидан ҳужумга учраган”, дейди журнал бош муҳаррири Жеральдин Весснер.
Ҳужум фотограф кўча ўртасида ёнаётган машинани суратга олаётган вақтда содир бўлган. Ўт ўчирувчилар кўчанинг бу қисмини тарк этган, оломонни тарқатиш учун полицияда махсус жиҳозлар етишмай қолган.
Оқибатда уюшган безорилар гуруҳи мухбирнинг қўлидаги жиҳозларни тортиб олишга уринган. Унга рад жавоби берилганда, безорилар уни калтаклаган. Ҳозирда у шифохонада қолмоқда.
Шунингдек, маҳаллий TVT телеканали Тур коммунасида ходимларига ҳужум қилинганини маълум қилган. Канал журналистига камида 15 киши ҳужум қилган.
"TVT раҳбарияти ягона вазифаси жамоатчиликни хабардор қилиш бўлган ўз мухбирига нисбатан тажовузни кескин қоралайди", дейилади телеканал хабарида.
Франциядаги вазият
Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ Наэль полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.
Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.
Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.
Тартибсизликларнинг биринчи кечасида 150 нафар киши ҳибсга олинган. Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь