Франциядаги 900 йиллик Руан соборига ўт кетди (видео)
Олам
−
11 Июль
4155Бугун, 11 июль куни Франциянинг шимолий қисмидаги Руан шаҳрида жойлашган ХII асрга оид Руан соборида ёнғин чиқди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Шаҳар маъмуриятига кўра, ёнғин 120 метр баландликда, реставрация ишлари олиб борилаётган шпил устида бошланган. Бинодаги одамлар эвакуация қилинган, собор атрофи ўраб олинган. Ёнғинни ўчиришга 74 нафар одам ва 40 та техника жалб қилинган.
“Ёнғинни биринчи бўлиб ишчилар пайқаган. Олов тарқалиши унча хавф туғдирмаган. Негаки, ёнғин содир бўлган собор минорасидаги конструктив элементлар ва нарсаларнинг аксарияти металлдан ясалган”, дейилган Руан расмийларининг баёнотида.
Расмийлар ёнғин оқибатида қурбонлар бўлмаганини билдирган. Шаҳар мэри Николя Майер-Россиньоль ёнғин бартараф этилгани, бироқ унинг юзага келиш сабаблари аниқланмаганини айтди.
Маълумот учун, ушбу собор Франциядаги энг машҳур черковлардан биридир. Унинг илк қурилиш жараёни ХII асрда бошланган. 900 йиллик тарихга эга бўлган 151 метрлик бу собор 1876 йилдан 1880 йилгача дунёдаги энг баланд бино бўлган.