Францияда янги ҳукумат тузилди
Олам
−
12 Январь
623634 ёшли Габриэль Атталь Франция Бош вазири этиб тайинланганидан икки кун ўтиб, Елисей саройи томонидан янги ҳукумат таркиби эълон қилинди. Вазирлар рўйхатини Франция Президенти маъмурияти раҳбари Алекси Колер ўқиб эшиттирди.
Иқтисодиёт, молия, саноат ва рақамли суверенитет вазири Брюно Ле Мэр, Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен, Қуролли кучлар вазири Себастьен Лекорню ўз лавозимларини сақлаб қолди.
Асосий ўзгаришлардан бири Катрин Колонна ўрнига янги Ташқи ишлар вазири – Стефан Сежурненинг тайинланиши бўлди. Бироқ таҳлилчилар Франция ташқи сиёсатидаги сезиларли ўзгаришларни амалдаги тайинланиш билан боғламайди, бу аслида Елисей саройининг ваколати бўлиб қолмоқда.
Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозининг иттифоқчиси, Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари ва шу пайтгача Парижнинг 7-округи мэри бўлиб ишлаган собиқ депутат Рашида Датини Франция Маданият вазири этиб тайинлаш тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамага сабаб бўлди. Рўйхат эълон қилинганидан сўнг, “Республикачилар” партияси етакчиси Дати сиёсий уюшма сафидан чиқарилишини эълон қилди. Бу партиянинг президент коалициясига мухолифатда экани билан асосланди.
Янги Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва бирдамлик вазири Кетрин Вотрин бўлиб, у бирданига икки кишини – Меҳнат вазири Оливье Дюссо ва Соғлиқни сақлаш ва профилактика вазири Орельен Руссонинг ўрнини эгаллади.
Янги ҳукумат таркибида Спорт вазири Амели Удеа-Кастера ҳам ўз ваколатларини кенгайтирди. Ҳозирда у Миллий таълим, ёшлар, спорт, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари вазири лавозимини эгаллаб турибди. Ҳукумат ўзгаришидан олдин амалдаги Бош вазир Габриэль Атталь миллий таълим масалалари билан шуғулланган.
Бошқа асосий позициялар ўзгаришсиз қолди. Марк Фенот Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат суверенитети вазири, Эрик Дюпон-Моретти эса Адлия вазири бўлиб қолади. Экологик ўтиш ва ҳудудий уйғунлик вазирлигига Кристоф Бешу, Олий таълим ва тадқиқотлар вазирлигига эса Сильви Ретайо раҳбарлик қилади.
Вазир-делегатлар рўйхатида ҳозирча учта ном бор. Приска Тевено Демократик янгиланиш бўйича вазир делегати этиб тайинланди ва айни пайтда ҳукуматнинг расмий вакили ҳисобланади. Мари Лебек ҳукуматнинг парламент билан алоқалари учун масъулдир ва собиқ бирдамлик вазири Орор Берже энди гендер тенглиги ва камситишларга қарши кураш бўйича вазир делегатига айланади.
Шу тариқа, 11 нафар вазир ва уч вазир делегатининг ваколатлари тасдиқланди. Колернинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг якуний таркиби бугун, 12 январь куни Вазирлар кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг май ойидан бери Франция Вазирлар маҳкамасига раҳбарлик қилиб келаётган бош вазир Элизабет Борн жорий йилнинг 8 январь куни истеъфога чиққанди. 9 январь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Бешинчи республиканинг янги бош вазири этиб, 34 ёшли Габриэль Аттални тайинлади. У мамлакат тарихидаги энг ёш ҳукумат раҳбари бўлди.
LiveБарчаси