Францияда ўлдирилган ўсмирнинг бувиси тартибсизликларни тўхтатишни сўради
Олам
−
03 Июль 2023
6959Францияда полициячи томонидан отиб ўлдирилган 17 ёшли йигитнинг бувиси невараси ўлимидан кейин мамлакатда бошланган тартибсизликларни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у BFM телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Мен буни ҳамма жойда тўхтатишни хоҳлайман. Биз ҳамма нарсани тинчлантиришни хоҳлаймиз. Мактабларни вайрон қилманг, автобусларни бузманг”, дейди марҳумнинг бувиси.
У чарчаганини ва ҳаммаси тугаганини, неварасини қайтариб бўлмаслигини қўшимча қилган. Шунингдек, у набирасини отган полициячи адолатли жазоланишига ишонч билдирган.
Бундан ташқари, буви намойишчиларни қилмишлари учун жавобгарликка тортиш тарафдори эканини таъкидлаган.
Франциядаги вазият
Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ Наэль полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.
Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.
Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.
Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.
Бундан ташқари, Франция Президенти тартибсизликларга компютер ўйинлари сабаб бўлганини айтганди. Франциядаги тартибсизликлар ортидан Бельгия ва Щвейцарияда ҳам намойишлар бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь