Францияда тартибсизликлар вақтида ижтимоий тармоқларни ўчириш таклиф қилинди
Олам
−
02 Июль 2023
4592Миллий ассамблеяда 22 ўринга эга бўлган Франция Коммунистик партияси раҳбари Фабьен Руссель тартибсизликлар вақтида мамлакатда ижтимоий тармоқларни ўчириб қўйиш зарурлигини айтди. Бу ҳақда у “France Info” радиосига берган интервьюсида гапириб ўтган.
"Ижтимоий тармоқларнинг ролини кўриб чиқишимиз керак бўлади. Қачон ўғрилик саҳналари ва шунга ўхшашлар атрофидаги шов-шувлардан пул топаётганлар ҳақида ўйлаб кўрамиз?” дейди сиёсатчи.
Шунингдек, у интервьюсида аҳолидан кўра ижтимоий тармоқларга нисбатан фавқулодда ҳолат жорий этишни афзал кўришини айтиб ўтган.
Француз коммунистлари етакчиси полициянинг мамлакат аҳолиси, айниқса, ёшлар билан алоқаси узилганини таъкидлаган.
Франциядаги вазият
Жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган Наэль исмли 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бироқ Наэль полицияга бўйсунмаган. Полициячи эса унга қарата ўқ узган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган.
Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилишда зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланган.
Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.
Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.
Бундан ташқари Франция Президенти тартибсизликларга компютер ўйинлари сабаб бўлганини айтганди.
LiveБарчаси