Францияда самолёт қулаб тушди. 11 киши ҳалок бўлди
Олам
−
29 июн 1479 2 дақиқа
Кеча, 28 июнь куни Франциянинг Нанси шаҳри яқинидаги Томблен коммунасида парашютдан сакраш учун мўлжалланган самолёт ҳалокатга учраши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “France 24” хабар берди.
Маълум қилинишича, самолёт маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида Grand Nancy-Tomblaine аэродромидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай, Томблен шаҳрининг Сальвадор Альенде кўчасидаги тураржой ҳудудига қулаган.
Самолёт бортида 11 киши – бир нафар учувчи, беш нафар парашют инструктори ва парашютдан сакрашни синаб кўраётган беш нафар йўловчи бўлган. Ҳалокат оқибатида уларнинг барчаси воқеа жойида қурбон бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, йўловчиларнинг аксарияти Нанси шаҳрида фаолият юритувчи ҳамширалар бўлган. Воқеа жойига 50 нафар ўт ўчирувчи, 25 та махсус техника, тез тиббий ёрдам хизматлари ва полиция кучлари жалб этилган.
Франция Ички ишлар вазири Лоран Нюнез ва Транспорт вазири Филипп Табаро воқеа жойига борган. Уларнинг сўзларига кўра, самолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай тўсатдан қулаб тушган. Ҳалокат сабабларини аниқлаш учун тергов бошланган.
Франциянинг Фуқаро авиацияси хавфсизлигини текшириш бюроси маълумотига кўра, бу ҳарбий ва тижорат авиациясидан ташқари фуқаролик авиацияси тарихида мамлакатдаги энг кўп қурбон бўлган авиаҳалокат ҳисобланади. Дастлабки тахминларга кўра, ҳалокатга двигател носозлиги ёки самолёт ичидаги оғирлик мувозанатининг бузилиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонида вертолёт қулаши оқибатида мамлакатнинг 14 нафар фуқароси ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси