Францияда Овсянникованинг заҳарланиш эҳтимоли текширилмоқда

Олам

image

Париж прокуратураси Россиянинг “Биринчи канал”и собиқ муҳаррири Марина Овсянникованинг заҳарланиши эҳтимоли бўйича тергов бошлади. Бу ҳақда AFP хабар берди.

Айтилишича, жорий йилнинг 12 октябрь куни Овсянникова Париж марказидаги уйи ёнида касал бўлиб қолган. Аёл уйининг олд эшиги тутқичидан номаълум кукунни топиб олган. Шундан сўнг у ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Овсянникова заҳарланишдан қўрқишини айтиб, шифохонага олиб боришларини сўраган. Ишга яқин манбалардан бирининг айтишича, Овсянникова "руслар томонидан заҳарланганман", деб қўрққан.

Журналистнинг уйидан намуналар олинган, бироқ ҳозирча заҳарланишни кўрсатувчи далил топилмаган. Париж прокуратураси тергов ишлари олиб борилаётганини тасдиқлаган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти раҳбари Кристоф Делуар Х ижтимоий тармоғида журналист шифохонага ётқизилгани, тушдан кейин аҳволи яхшилангани, бироқ у шифокорлар назоратида эканини маълум қилган. Делуарнинг сўзларига кўра, Овсянникова ўзини заҳарланган деб даъво қилмаган, аммо бу версия "олдинга сурилмоқда ва уни инкор этиб бўлмайди".

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 14 март куни кечқурун Россиянинг “Биринчи канал”и ходими Марина Овсянникова “Время” кўрсатуви жонли эфирида урушга қарши плакат билан студияга кириб борганди. Янгиликлар эълони пайтида у “No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши”, деб ёзилган плакат билан кадрга тушди. Овсянникова режиссёрлар бошқа кадрни қўйиб юбормагунча эфирда бир неча бор “Урушни тўхтатинг! Уруш керакмас!”, деб такрорлаган. Эртаси куниёқ унга нисбатан суд иши бошланди ва шу куннинг ўзида у 30 минг рубль миқдорида жаримага тортилди.

Иккинчи марта ўтган йилнинг июль ойида Марина Овсянникова Россия армиясини обрўсизлантириш тўғрисидаги моддаси бўйича Москванинг Красноселский тумани депутати Илья Яшинга нисбатан жиноят ишини танқид қилгани учун 50 минг рубль миқдорида, учинчи марта эса август ойида Facebook’даги пости учун 40 минг рубль миқдорида жаримага тортилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция заҳарланиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг